Бугун, 24 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида якунланган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган шахматчиларимиз тантали кутиб олинади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси олимпиаданинг бронза медалини қўлга киритган бўлса, қизлар жамоаси 170 тага яқин жамоа орасида 12-ўринни эгаллади.

Шахмат олимпиадасининг яккалик баҳслари сарҳисобига кўра, 1-тахтада Нодирбек Абдусатторов кумуш, 4-тахтада Шамсиддин Воҳидов олтин, аёллар мусобақасининг 5-тахтасида ўйнаган Нодира Нодиржонова кумуш медалга сазовор бўлди.

Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг ёпилиш маросимида икки йилдан сўнг Ўзбекистонда ўтказиладиган шахмат олимпиадаси байроғини Нодирбек Абдусатторов қабул қилиб олди.

Т.Рўзиев, ЎзА