Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 сентябрь куни қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Қурилиш иқтисодиётнинг барча тармоқлари ривожланишига катта туртки берадиган соҳадир. Ҳар бир лойиҳа қурилиш материаллари ва жиҳозларга, ишчи ва мутахассисларга талабни оширади. Янги мажмуалар атрофида янги иш ўринлари, инфратузилма ва хизматлар пайдо бўлади.

Сўнгги етти йилда қурилиш материаллари соҳасига 9 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингга яқин янги корхона ишга туширилган, 94 мингта доимий иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш 2 карра ўсган, йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан зиёд корхоналар 150 тадан ошган.

Охирги беш йилда бунёдкорлик ҳажми 2 баравар кўпайган. 650 миллион долларлик янги маҳсулотлар ўзлаштирилгани ҳисобига қурилишдаги импорт улуши 31 фоиздан 25 фоизга камайган.

Қурилиш материаллари экспорт бозори кенгайиб, 58 тага етди. Хорижда 20 дан ортиқ савдо омборлари, 50 дан зиёд дўконлар очилди. Бу йил экспорт миқдорини 1 миллиард долларга етказиш мўлжалланган.

Шу билан бирга, соҳада муаммолар ҳам бор, имкониятлар эса кўп. Йиғилишда давлатимиз раҳбари уларни таҳлил қилиб, янги ташаббус ва вазифаларни айтди.

Бугун юртимизда қуввати 140 минг тонна бўлган 7 та базальт корхонаси бор. Бинокорликда бу маҳсулот кенг қўлланаётгани натижасида янги уй-жой ва ижтимоий биноларда энергия сарфи 20 фоизгача камайган.

Лекин, бундан ташқари, қуёш нурини қайтарувчи ойна, вермикулит аралашмаси каби материалларни ишлатиб, энергия сарфини яна 2 баравар қисқартирса бўлади. Биноларнинг фасад қисмида фибро толали панелдан фойдаланиш ҳам яхши натижа беради. Уни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган цемент ва бойитилган қум ўзимизда етарли.

Мутасаддиларга шу каби муҳим қурилиш материалларини юртимизда ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди. Жумаладан, Қувасойдаги “Кварц” корхонасида 20 миллион долларлик, Жиззахдаги ойна заводида 10 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари бажарилиши айтилди.

Умуман, тадбиркорлар билан биргаликда, 3,5 миллиард долларлик 350 та янги лойиҳа режалаштирилган. Уларнинг қурилишига ҳамда фаолиятига камбағал оилалардан 50 минг фуқарони ишга жойлаштириш кўзда тутилган.

Қурилиш материаллари тайёрлашда энергия сарфини камайтириш жуда муҳим. Бу унинг таннархига, харидоргирлигига таъсир қилади.

Сўнгги икки йилда бу тармоқда ишлаб чиқариш 1,2 карра ошган бўлса-да, шундай чоралар ҳисобига энергия сарфи 1,3 баробар, энергия сиғими 1,6 баробар камайди. Мисол учун, “Қизилқумцемент”да иссиқлик алмашиш ускуналари реконструкция қилиниб, йилига 37 миллион киловатт соат электр тежалди.

Бугунги кунда илғор хорижий корхоналар иссиқлик энергиясидан қайта фойдаланиш орқали электр олиш технологиясини фаол қўлламоқда. Шу асосида, энергия сарфи юқори бўлган 34 та корхонада энерго аудитни якунлаб, йилига 300 миллион киловатт соат электрни иқтисод қилиш мумкинлиги айтилди.

Ҳозир юртимизда ишлаб чиқарилаётган 170 номдаги қурилиш материалидан 97 таси бўйича ички талаб қопланган. Лекин, бозор тўлиқ ўрганилмасдан, шунга ўхшаш лойиҳалар яна режаланган.

Шу боис энди бозор тўйинган қурилиш материаллари рўйхати эълон қилинади. Ички ва ташқи эҳтиёждан келиб чиқиб, янги маҳсулотлар бўйича таклифлар тайёрланиб, очиқ порталга жойлаштирилади. Лойиҳалар “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг илмий-техник кенгашида кўриб чиқилади. Мазкур уюшма ҳузурида Корея тажрибаси асосида синов лабораторияси ташкил этилади.

Аниқланган қум-шағал майдонларини аукционга чиқариш, норуда конлардан ноқонуний фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда қурилиш соҳасидаги долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Сўнгги етти йилда мамлакатимизда қарийб 100 миллиард долларлик қурилишлар бўлган. Бу соҳадаги ишлар ҳажми йилига ўртача 7-8 фоиз ўсмоқда.

Дунёда қурилиш индустрияси кун сайин ривожланаяпти, янги технология ва инновациялар амалиётга кириб келаяпти. Лекин юртимизда ҳалигача эскича стандарт ва ёндашувлар сақланиб қолмоқда.

Замонавий услублардан орқада қолиб кетмаслик учун шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини мунтазам янгилаб бориш кераклиги таъкидланди.

Маълумки, жойларда туризм, савдо ва сервисни ривожлантириш мақсадида кичик ҳудудларнинг мастер режалари ишлаб чиқилмоқда. Масалан, Бухоро ва Навоий вилоятларида ишлар жадал бўлиб, дастлабки ерлар тадбиркорларга сотилган. Лекин айрим вилоятларда бу жараён ҳозирча суст экани кўрсатиб ўтилди.

Вилоят ҳокимларига ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва урбанизация бўйича 48 та, туризм зоналарини ташкил этишга қаратилган 20 та, йўл бўйларида савдо ва хизматларни кенгайтириш бўйича 68 та мастер режани жадаллаштириш вазифаси қўйилди.

Қурилишлар сифати масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Айрим пала-партиш лойиҳалар одамларнинг эътирозига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Қурилаётган ҳар бир иншоот бўйича кунлик назорат ўрнатилиши белгиланди. Бунинг учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бошқармаларида штаб ташкил қилинади. Давлат ҳисобидан қурилаётган ҳар бир бинога видеокамералар ўрнатилиб, инспекцияга маълумотлар онлайн бориб туради.

Шунингдек, ноқонуний қурилишлар бўйича маҳалла раислари ва жамоатчилик назорати кучайтирилади. Ҳар бир қурилаётган иморат олдида “QR” кодли маълумотлар ёзиб қўйилади. Бу бўлмаса, қурилиш ноқонуний ҳисобланади.

Мутасаддиларга қурилиш назоратида янги рақамлашган тизим яратиш, тегишли инспекция фаолиятини такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Ҳар бир вилоятда ташкил қилинган Шаҳарсозлик кенгашлари фаолияти бўйича ҳам эътирозлар кўп. Кенгашга киритилган лойиҳаларни кўриб чиқиш ва келишиш ойлаб чўзилаяпти.

Шу боис ушбу кенгашлар билан боғлиқ жараёнлар тўлиқ рақамлашиши айтилди. Энди унга барча лойиҳалар “Шаффоф қурилиш” платформаси орқали электрон киритилади. Кенгаш аъзолари лойиҳани қуйи тизими билан шу платформада электрон келишади. Лойиҳани кўриб чиқиш муддати 15 кундан ошмайди.

Уй-жойлар қурилишида алдов, тушунмовчиликлар учраб турибди. Шу боис энди уй-жой сотиб олиш бўйича кафолатли “эскроу” тизими жорий қилинади.

Бунда девелоперлар ўзлари қураётган уйлар сотувини ташкил қилиш бўйича банклар билан шартнома тузади. Хонадон олмоқчи бўлган одамлар пулини қурувчига эмас, тўғридан-тўғри банкка топширади. Банклар эса йиғилган пулни қурувчига ресурс сифатида беради. Яъни, банклар қурувчи ва харидор ўртасида “кўприк” бўлиб, уй-жойни ўз вақтида ва сифатли қуриб, эгасига топширишга кафил бўлади.

Мутасаддиларга ушбу янги тартибларни босқичма-босқич жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.

Қурилишлар сифати ходимларнинг билим ва маҳоратига ҳам боғлиқ. Шу боис энди қурилишдаги ишчилар малакасини баҳолайдиган тизим татбиқ этилади.

Бунда касбларга малака даражаси ва иш ўринларига аниқ талаблар белгиланади. Уни эгаллаши учун талабгорлар профессионал таълим муассасаларида ўқитилади. Мустақил ёки шогирд сифатида ўрганиб, малака имтиҳонидан ўтган мутахассислар ўқимасдан сертификат олади.

Худди шундай тизим лойиҳа ташкилотлари учун ҳам бўлади.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича тадбиркорларнинг таклиф-мулоҳазаларини эшитди. Маҳаллий хомашёларни қайта ишлаб, бозорбоп маҳсулотлар тайёрлаш, мажбурий сертификат тизимини жорий қилиш орқали соғлом рақобат муҳитини яратиш, қурилишга ишчиларни соддалашган тартибда олиш каби кўплаб таклифлар бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.