Эрон Савдо-саноат, тоғ-кон ва қишлоқ хўжалиги палатаси бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан иборат делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида пойтахтимизда Ўзбекистон – Эрон бизнес форуми бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг Теҳрондаги элчихонаси, Савдо-саноат палатаси, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳамда Эрон томони ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, Эрон савдо-саноат, тоғ-кон ва қишлоқ хўжалиги палатаси президенти Самад Ҳасанзода, тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек 200 дан зиёд икки давлат ишбилармонлари қатнашди.

Анжуманда саноат, инновация, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат, балиқчилик, қурилиш материаллари, дори-дармон ва фармацевтика, тўқимачилик, логистика ва муҳандислик соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

– Мазкур тадбир мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқани мустаҳкамлаш учун янадакенг йўлочишига ишонамиз,  деди Даврон Ваҳобов.  Бизнес вакилларини бугун яратилган имкониятдан унумли фойдаланиб, В2В шаклидаги учрашувларда фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз.

Ишбилармон доиралар ўртасидаги муносабатни мустаҳкамлаш ўзаро сармоявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришнинг ҳал қилувчи омили экани аён. Шу маънода айни масала анжуман кун тартибидаги асосий мавзуга айлангани табиий.

Самад Ҳасанзода ўтган давр мобайнида икки мамлакат раҳбарларининг оқилона сиёсати, олий даражадаги ташрифлари натижасида савдо-саноат соҳаси ривождангани, бизнесда соғлом рақобат муҳити шаклланганини таъкидлади. Ишга туширилаётган йирик лойиҳаларни тадбиркорларимиз мувафаққиятли ҳамкорлиги самараси сифатида эътироф этди.

 Ўзбекистон ва Эрон нафақат иқтисодий ва маданий алоқани тобора мустаҳкамлаётган, балки кўп асрлик умумий тарих ва маданият билан боғланган биродар давлатлар,  деди Самад Ҳасанзода.  Нисбатан қисқа муддатда ўзаро муносабат мутлақо янги кўриниш касб этди. Эришилаётган ютуқлар ўзаро товар айланмаси миқдори ўсишида ҳам яққол намоён.

Қайд қилинишича, 2023 йил ўзаро савдо 503,4 миллион долларни ташкил этиб, экспорт 180,6, импорт 322 миллион долларга тенг бўлган. Айни пайт мамлакатимизда Эрон сармояси иштирокида фаолият юритаётган 268 корхонадан 121 таси қўшма, 147 таси хорижий.

Йиғилишда Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси Фариддин Насриев ва Эроннинг мамлакатимиздаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий ҳам қатнашди.

Тадбир доирасида энг истиқболли йўналишлар, устувор тармоқлар бўйича республикамизнинг сармоявий салоҳияти ва тайёр лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Хорижий инвестиция жалб этиш агентлиги ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси вакиллари маърузалари тингланди.

Форум якунида Эрон бизнес доиралари вакиллари ҳамда Тошкент шаҳри ишбилармонлари ўртасида В2В музокаралари бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 20 сентябрь куни Хива шаҳрида ҳам Ўзбекистон – Эрон қўшма бизнес-форуми ўтказилиши режалаштирилган.

Беҳруз Худойбердиев,

Дониёр Якубов (видео),

ЎзА