Марказий Осиёнинг энг йирик технопарклари — IT Парк Ўзбекистон ва “Astana Hub” минтақавий стартап экотизимини ривожлантириш ва инновацион салоҳиятни халқаро миқёсда илгари суриш мақсадида “Central Asian Innovation Hubs” номи остида бирлашмоқда.
“ICT WЕЕК UZBEKISTAN-2024” доирасида IT Парк Ўзбекистон бош директори Фарҳод Ибрагимов ва «Astana Hub» бош директори Магжан Мадиев тегишли ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Мазкур ҳамкорликнинг мақсади умумминтақавий идентитетни яратиш, стартап экотизимини ва венчур фондларини ривожлантириш бўйича тажриба алмашишдир. Шунингдек, Марказий Осиёнинг истиқболли лойиҳаларини халқаро платформаларда илгари суриш бўйича бир қатор қўшма ташаббусларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Қайд этилишича, йил охиригача икки давлат технопарклари бирлашган бренд остида бир қатор йирик халқаро тадбирларда иштирок этишади. Жумладан, Бакудаги “InMerge” тадбирида минтақадан 4 та стартап халқаро инвесторлар ва фондларга тақдим этилади.
Бундан ташқари, минтақавий стартап лойиҳаларининг «Hero Training Program”, “Stanford HealthTech Accelerator” ва “Alchemist Accelerator” дастурларида иштирок этишини таъминлаш режалаштирилган.
Ушбу ҳамкорлик стартап экотизимларининг ривожланишига янги йўналиш ва туртки беради ҳамда Марказий Осиё минтақасининг инвестиция жозибадорлигини оширади.
Тадбирда таъкидланишича, “Central Asian Innovation Hubs” яратилиши орқали минтақавий стартапларнинг глобал миқёсда танилиши ортади ва асосчиларга ўз инновацияларини халқаро платформаларда саноат етакчиларига тақдим этиш учун янги имкониятлар очилади.
Беҳруз Худойбердиев,
ЎзА