Россия ва Украина ўртасидаги низо ҳар икки томонга салбий таъсир кўрсатмоқда. 2022 йил 24 февралда бошланган можаро оқибатида жуда кўп аёл бева қолди, ота-оналар асирга тушган фарзандларини соғинган, зиддият марказида жойлашган мактаблар бўм-бўш, деҳқонлар ҳарбий ҳаракат сабаб ерга ишлов беролмайди…

Ҳатто, фронтдан олис ҳудудлар қиёфасини ўнглаб бўлмайдиган даражада ўзгартирган икки йилдан ортиқ вақт асорати зоҳир.

Анчадан бери дунёнинг турли нашрлари зиддият ҳақида, урушни тўхтатиш ҳақида бонг урмоқда. Эътиборингизга айни мавзуда хорижий ОАВда эълон қилинган сўнгги янгиликларни ҳавола этамиз.

BBC: Украина ҳаво ҳужумидан сўнг Россиянинг Торопец шаҳри аҳолиси эвакуация қилинади

Тверь вилоятида Украина учувчисиз учоқлари ҳужуми йирик ёнғинга сабаб бўлди.

Ижтимоий тармоқда шаҳарда кучли портлаш содир бўлгани акс этган видео лавҳа пайдо бўлди. Тасвирда портлаш ва осмоннинг катта қисмини қоплаган тутун кўринган.

Украина дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко ўз саҳифасида маълум қилишича, Россия “Град” ракеталари ва ўқ-доридан ташқари Торопецда КХДР ракеталарини ҳам ишга солишга шай турибди.

Москвадан 380 км шимоли-ғарбда, Украина билан чегарадан 470 км шимолда жойлашган Торопец шаҳри маъмурияти бугун эрталаб автобуслар эвакуация учун аллақачон тайёрлаб қўйилганини айтди. Шунингдек, 13 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуддаги вазият “назорат остида” экани даъво қилинмоқда.

Давлат матбуоти минтақавий мактаблар ва болалар боғчалари ёпилиши ҳақида хабар тарқатди.

РФ Мудофаа вазирлиги беш вилоят – Брянск, Курск, Орёл, Смоленск ва Белгород бўйлаб бир кечада уюштирилган ҳужумда жами 54 та дрон йўқ қилинганини маълум қилди.

Sky News: Зеленский иттифоқчиларига “Украинанинг ғалабаси режаси”ни тақдим этмоқчи

Владимир Зеленский кеча “Украинанинг ғалабаси режаси” муҳокама қилинганини маълум қилди. Мамлакат етакчисининг ҳарбий, сиёсий, дипломатик ва иқтисодий режалари бор экан.

– Турли “зарур қадамлар аниқ белгиланган” ва бу Киевга ҳақиқий, адолатли тинчлик ўрнатиш учун энг кучли позицияни беради, – деб ёзди у ўз саҳифасида.

Шунингдек, ўзига ишонган ҳолда “бу режанинг имконсиз жойи йўқ, 90 фоиздан ортиғи аллақачон тузилган”, дея қўшимча қилди.

– Кейинги ҳафта иттифоқчиларимизга “Ғалаба режа”мизни тақдим этамиз. Мен Украина билан бирга бўлган ва юртимизни ҳимоя қилишга ёрдам бераётган барчадан миннатдорман, – хулоса қилган Зеленский.

Politico: Залужний Курск вилоятидаги ҳужумга қарши эди

Украина Қуролли кучлари собиқ бош қўмондони, генерал Валерий Залужний Россия ҳудудига бостириб киришга қарши чиққан, чунки Украина раҳбарияти чегарани бузиб ўтганидан сўнг “кейинги қадам учун аниқ режа”га эга бўлмаган”.

Мақола муаллифи қайд этишича, Курск вилоятидаги операцияга рози бўлмаган иккинчи шахс Қуролли кучлар 80-ҳаво ҳужуми бригадаси қўмондони Эмил Ишкулов. Кейинчалик маҳаллий оммавий ахборот воситалари унинг ишдан бўшатилиши ёки бошқа лавозимга ўтказилиши ҳақида ёзган.

“Президент Зеленский Ялта-Европа стратегияси (YES) конференциясида Донбассдаги вазият оғирлигича қолса ҳам, нисбатан нормаллашаётганини таъкидлади, деб ёзди нашр.

Ҳарбий хизматчилар эса Украина Қуролли кучларининг Донецк вилоятидаги йўқотиши ортиб бораётгани, натижада мудофаа учун ушбу ҳудудга Курскдан бир неча бўлинмани олиб ўтишга мажбур бўлинганини таъкидлаган.

Bloomberg: Киевнинг айрим иттифоқчилари Украинадаги зиддият қандай якунланиши мумкинлигини муҳокама қила бошлади

Агентлик манбалари сўзларига кўра, Украина иттифоқчилари низони музокара йўли билан тугатиш қандай кечиши мумкинлиги ва бунинг эҳтимолий йўллари ҳақидаги сценарийни жиддий муҳокама қила бошлаган. Шу билан бирга музокара бўйича ҳар қандай қарорни фақат Киев қабул қилиши ва ҳеч ким Зеленскийга босим ўтказмаётгани таъкидланмоқда.

Можаро давом этаётгани ва жанг майдонида сезиларли ўзгариш йўқлиги сабабли баъзи Ғарб расмийлари боши берк кўчадан чиқиш учун дипломатиядан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқа бошлаган.

Айни пайт бу саъй-ҳаракат Ғарб давлатларида Киевни муддатидан олдин ўт очишни тўхтатишга мажбур қилиши мумкинлигидан хавотир уйғотмоқда. Қайси Ғарб давлатлари ва Киевнинг қайси иттифоқчилари экани кўрсатилмаган.

Al Jazeera: Польшада ҳибсга олинган бокс бўйича украиналик жаҳон чемпиони Александр Усик озодликка чиқди

Украина Президенти Владимир Зеленский Александр Усик Польшада ҳибсга олинганидан “ғазабланганини” айтди. Шунингдек, Краков аэропортида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қисқа муддат ҳибсга олинган оғир вазн тоифасидаги мутлақ жаҳон чемпиони қўйиб юборилганини тасдиқлади.

Усик нима сабабдан ушлангани аниқ эмас. 2012 йил Лондон Олимпиадаси олтин медали соҳиби, WBC, WBO ва WBA камарлари эгаси Украинада миллий қаҳрамон сифатида кўрилади.

– Фуқаромиз ва чемпионимизга нисбатан бундай муносабат мени ғазаблантирди, – деди Зеленский ўз каналида.

Шанба куни Лондонда Даниэль Дюбоис ва Энтони Жошуа ўртасидаги оғир вазн тоифаси бокс жангида иштирок этиши кутилаётган Усик ҳибсга олиниши тушунмовчилик натижаси экан.

– Дўстлар, ҳаммаси жойида, – деди Усик. – Тушунмовчилик юзага келди ва тезда ҳал қилинди. Хавотирланганингиз учун раҳмат.

Усик май ойида Ар-Риёддаги “Kingdom arena”да бўлиб ўтган ҳаяжонли баҳсда Тайсон Фюрини мағлуб этиб, жаҳон чемпионига айланди. 37 ёшли украиналик спортчи бир вақтнинг ўзида барча тўртта оғир вазн тоифасидаги камарларни қўлга киритган.

Унинг фонди Киев қўшинларига молиявий ёрдам бериб келади. Жамғарма тез ёрдам машиналарини фронт чизиғига гуманитар ёрдам сифатида етказиб туради.

NBK News: Россия ва Украина икки кун ичида 206 нафар маҳбусни алмашишди

БАА воситачилигида олиб борилган музокара натижасида Россия ва Украина яқинда жами 206 нафар маҳбус алмашинувини амалга оширди.

Украина раҳбари айтишича, қайтиб келган барча 103 украиналик ҳарбий – 82 аскар ва 21 зобит айни пайт оиласи бағрида.

Россия Мудофаа вазирлиги алмашилган 103 нафар рус аскари август ойида Украина кутилмаган босқин бошлаган чегарадаги Курск вилоятида асирга олинганини билдирди.

Айирбошлаш БАА воситачилигида амалга оширилди, деб ёзди “WАМ” ахборот агентлиги. Бу 2024 йил бошидан буён мамлакатнинг саккизинчи воситачилиги.

Украина омбудсмани Дмитрий Лубинец айтишича, озод этилган аксар украиналиклар урушнинг дастлабки кунларидаёқ асирга олинган.

У саҳифасига ҳарбий хизматчилар автобус олдида туриб “Украинага шон-шараф” деб бақираётгани акс этган қисқа видеони жойлаштирган.

Лубинец таъкидлашича, Киев шу пайтгача 57 алмашинувда 3672 нафар украиналик қайтишини таъминлаган.

Times: Украинага бериладиган рухсат “қизил чизиқ” эмас

NATO Бош котиби Йенс Столтенберг “Times” газетасига берган интервьюсида Киевга узоқ масофали ракеталардан Россиянинг ичкари ҳудудларида фойдаланишга рухсат бериш вазиятни кескинлаштирадиган “қизил чизиқ” бўлмаслигини айтди.

– Путин аввал ҳам кўп марта “қизил чизиқ” ҳақида гапирган, можарода NATO иттифоқчиларининг бевосита иштироки бўйича огоҳлантириш берган, лекин кескинликка бормаган, – дея Столтенбергнинг сўзларидан иқтибос келтиради нашр.

Бош котиб Киевга узоқ масофага учадиган ракетадан фойдаланишга рухсат берилишини қўллаб-қувватлаган Буюк Британия ва Франция каби давлатлар фикрига қўшилишини айтди. Шу билан бирга у Украина томонининг ракеталардан чуқур нишонларга зарба беришда фойдаланиши Шимолий Атлантика иттифоқини Россия билан зиддиятга тортмаслигини таъкидлади.

CNN: АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам миқдорини камайтиради

Манбалар “CNN”га маълум қилишича, Байден маъмуриятида Украина учун қурол ва ўқ-дори учун 6 миллиард доллар қолган, Пентагон етказиб бериши мумкин бўлган захира ҳам мавжуд эмас.

2024 йил апрель ойида Пентагон Украинага 1 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилган эди. Ўшандан бери ҳар бир тўпламнинг қиймати сезиларли даражада камайди – 400 миллион доллардан ошмади.

2022-2023 йилларда мунтазам ҳарбий ёрдам миқдори 600-800 миллион долларни ташкил этган, энг қиммат пакет – 2,85 миллиард доллар 2023 йил январида ажратилган.

The Wall Street Journal: Украина ва Россиянинг

умумий йўқотиши 1 миллион нафарга етди

Нашр манбаларига таяниб ёзишича, урушда Украинадан 80 минг аскар ҳалок бўлган, 400 минг ҳарбий яраланган. Бир қатор Ғарб давлатлари таҳлилчилари ҳисоб-китобига кўра, руслардан 200 минг киши ҳалок бўлган, 400 минг нафар одам яраланган.

Украина ва Россия урушдаги йўқотиши ҳақидаги расмий маълумотни, одатда, эълон қилмайди. Украина 2024 йил февраль ойида ўша пайтгача урушда 31 минг аскари ҳалок бўлганини ошкор қилган эди.

Ўткир Мирзо тайёрлади.

ЎзА