Хитойнинг Пекин шаҳрида Миллий интеллектуал мулк маъмурияти ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) билан биргаликда «Бир макон, бир йўл» ташаббуси мамлакатларининг интеллектуал мулк бўйича учинчи конференцияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Конференцияда интеллектуал мулк соҳасида минтақавий ҳамкорликни кучайтириш билан бир қаторда молиявий имкониятлар орқали инновация ва ижодкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
«Бир макон, бир йўл» ташаббуси мамлакатлари интеллектуал мулк соҳасида очиқлик, бирдамлик, ўзаро манфаатдор ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда соҳани ривожлантириш юзасидан келишувларга эришди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Адлия вазирлиги интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатини юритади. Ихтиролар, товар белгилари, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилади. Бу борадаги вазифаларни самарали амалга оширишда илғор халқаро тажрибани ўрганиб боради. Ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширади.
Н.Абдураимова, ЎзА