Мамлакатимизга Германия Федерал Канцлерининг расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг Германия Федератив Республикаси Ички ишлар ва ватан вазири Ненси Фезер хоним билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда томонлар икки мамлакат ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик сўнги йилларда босқичма-босқич ривожланиб бораётганига тўхталиб ўтди.
Жумладан, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан ташкил этилаётган ҳуқуқшунослик ва профилактикага оид семинар-тренинглар самарали бўлмоқда.
Марказий Осиё ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш лойиҳаси доирасидаги тажриба алмашуви билан боғлиқ тадбирлар, шунингдек, Германия Жиноий полиция Федерал идорасининг Марказий Осиё бўйича вакили Олаф Ворбс билан икки томонлама учрашув ва ҳамкорликдаги амалий тадбирлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Таъкидланганидек, сўнги йилларда Ўзбекистонга ташриф буюраётган чет эл фуқароларига қулайлик яратиш мақсадида 81 хорижий мамлакат, шу жумладан, Германия фуқароларига Ўзбекистонда 30 кунгача визасиз бўлиш имконияти жорий этилган.
Натижада юртимизга ташриф буюраётган германияликлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Масалан, 2022 йилда уларнинг сони 40 мингни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг 8 ойида бу кўрсаткич 51 минг нафардан ошган. Ўз навбатида, Германияда доимий ишлаб ва яшаб келаётган Ўзбекистон фуқароларининг сони 2 минг нафардан ошган.
Олий даражадаги учрашувлар доирасида имзоланган «Миграция ва мобиллик тўғрисида»ги ҳукуматлараро Битим ҳам келгусида фуқароларимизнинг ўзаро ташрифлари жадаллашувига хизмат қилишига алоҳида урғу берилди.
Томонлар кибержиноятчиликка қарши самарали курашиш ва рақамли криминалистикани ривожлантириш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларида тажриба алмашинуви доирасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтгани ҳамда яқин келажакда ижросини кутаётган истиқболли вазифалар белгилаб олингани алоҳида эътироф этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА