Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Озарбайжон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусейн Гулиев билан учрашди.
Томонлар икки давлат раҳбарлари ўртасида шаклланган, қатъий ишончга асосланган муносабат туфайли савдо-иқтисодий, сармоявий алоқалар ривожланишидаги ижобий ўсиш суръатини олқишладилар.
2023 йил якунига кўра ўзаро товар айирбошлаш 26,5 фоиз ўсди. Ўзбекистон ҳудудида Озарбайжон капитали иштирокида савдо, машинасозлик ва металлга ишлов бериш, молиялаштириш ва суғурталаш, кўчмас мулк билан боғлиқ амалиёт, энергетика, хизмат кўрсатиш, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва енгил саноат соҳаларига ихтисослашган 230 корхона фаолият юритмоқда. Ўзаро манфаатли йирик сармоявий лойиҳалар биргаликда амалга оширилмоқда.
Президент Илҳом Aлиевнинг ўтган ой юртимизга давлат ташрифи доирасидаги олий даражали музокаралар чоғи шаҳар инфратузилмаси, ишлаб чиқариш, кимё саноати ва ахборот технологияларини ривожлантириш бўйича эришилган келишувларни амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган эди.
Шундан келиб чиқиб, учрашувда икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида шерикликни мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирилди. Ишбилармон доираларни қўллаб-қувватлаш, устувор тармоқларда алоқалар кўламини янада кенгайтириш чораларини кўришга келишиб олинди.
Г.Сатторова, ЎзА