Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Беруний ҳамда Қўнғирот туманлари бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари савдоси ва алкоголь маҳсулотларини яширин ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган фуқаролар ушланди.
Жумладан, Департаментнинг Беруний тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “S.S.” масъулияти чекланган жамиятга қарашли савдо шохобчаси сотувчиси И.М. харидорга акциз маркасиз “Esse Change” номли тамаки маҳсулотини сотган вақтида ушланди. Ушбу савдо шохобчасидан умумий баҳоси 57,4 миллион сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган жами 1 минг 661 қути тамаки маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, департаментнинг Қўнғирот туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда алкоголь маҳсулотларини яширин ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган фуқаро Т.Н. қўлбола усулида тайёрланган 514 дона “Қаратау” номли қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини ўтказиш мақсадида таниши Б.У.нинг хонадонида вақтинча сақлаб қўйганлиги аниқланди. Ушбу маҳсулотлар тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.