Ҳиндистонда чоп этиладиган “Business Central Asia” ойлик журналининг янги сонида Ўзбекистон туризмига бағишланган мақола эълон қилинди.
“Ўзбекистон мамлакатни сайёҳлик маскани сифатида танитиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда” сарлавҳали мақолада давлатимиз раҳбари томонидан туризм соҳасини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз юритилган.
Жумладан, туристлар сонини 2023 йилдаги 6,6 миллиондан 2030 йилга келиб 15 миллионга етказиш режалари ҳақида сўз юритилган. Бу, амалдаги кўрсаткичлардан икки баробар кўп.
Мақолада янги туристик пакетлар ҳамда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонини кўпайтиришга қаратилган Ўзбекистон Президентининг фармони билан тасдиқланган «Йўл харитаси»га алоҳида эътибор берилган. Шунингдек, мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган «Мўйноқ» аэропорти экстремал туризм, жумладан, парашют спорти учун машҳур йўналишга айланиши мумкинлиги айтилган.
2023 йилда туризм юртимизга 2,1 миллиард долларга яқин даромад келтиргани маълум қилинган. Мамлакат 2019-2024 йилларда Жаҳон иқтисодий форуми томонидан тайёрланадиган Саёҳат ва туризмни ривожлантириш индексида ўз ўрнини яхшилаб, 16 поғонага кўтарилган. “Lloyd’s Register Foundation” жамғармасининг 2023 йилги хавфсизлик индексида ҳам биринчи ўринни эгаллаган.
Журналист Ўзбекистон дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларнинг машҳур муаллифлари билан мамлакатнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишда фаол ҳамкорлик қилаётганини алоҳида таъкидлайди.
“Netflix” каби йирик стриминг хизматлари, шунингдек, сайёҳлик агентликлари ва концерт компаниялари, жумладан, Хитойнинг “Trip.com” агентлиги ва Дубайдаги “Holiday Factory” билан реклама акциялари бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Ёш саёҳатчиларни жалб қилиш учун Ўзбекистон ижтимоий тармоқларда катта аудиторияга эга бўлган блогер ва инфлюенсерларни жалб қилаётгани қайд этилган.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА