Ўзбекистон пара спортчилари Франциянинг Париж шаҳрида ўтган XVII Паралимпия ўйинларида 10 олтин, 9 кумуш ва 7 бронза медални қўлга киритди.

9 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ушбу нуфузли мусобақа ғолиблари, совриндорлари ва иштирокчиларини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шу муносабат билан бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, паралимпиячиларимизнинг ота-оналари, журналистлар йиғилди.

Жорий йилги спорт мавсумида Ўзбекистон фарзандлари нуфузли мусобақалар – XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларида жаҳонга мамлакатимизнинг улкан салоҳиятини намоён қилди. Аждодлари буюк миллатнинг авлодлари ҳам буюк ишларга қодирлигини, юртимиз ёшларининг мардлик ва жасоратда, шижоат ва матонатда, иқтидору истеъдодда ҳеч кимдан кам эмаслигини, аксинча, манаман деган давлат ёшларидан устун эканини исботлади.

Спортчиларимизнинг ХХХIII ёзги Олимпия ўйинларида халққа улашган, элнинг қаддини, ғурур-ифтихорини тоғдек кўтарган музаффар онларининг ҳовури босилмай туриб, яна ғалаба нашидаси, бахтиёр лаҳзалар шукуҳи қалбларимизни чулғаб олди.

Ўзбекистон паралимпиячиларининг ушбу нуфузли мусобақага пухта тайёргарлик кўришида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал бўлди. Мазкур қарор асосида паралимпиячиларимиз замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказди, тажриба ва маҳоратини оширди, Паралимпия ўйинларига йўлланма берадиган нуфузли мусобақаларга тайёрланди.

XVII Паралимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг 65 нафар пара спортчиси мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 26 медалга сазовор бўлди.

Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон спорт делегацияси 182 давлат орасида 13, МДҲ давлатлари ўртасида иккинчи, Осиё мамлакатлари ичида учинчи, Ислом давлатлари ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.

– Ўғлим Паралимпия ўйинларига кетиш олдидан албатта учинчи олтин медални қўлга киритаман, деб ваъда берганди, – дейди Ҳусниддин Норбековнинг онаси Норжон Норбекова. – У ваъдасининг устидан чиқиб, юзимизни ёруғ қилди. Ўғлимнинг бу тарихий ғалабаси бутун халқимизнинг ютуғи, истиқлол берган кенг имкониятлар, Президентимизнинг пара спортчиларга кўрсатган меҳр ва эътибори самарасидир.

…Мана, орзиқиб кутилган дамлар – улкан ҳаво кемасидан қўлларида Ватанимиз байроғини мағрур кўтарган спортчиларимиз чиқиб келмоқда. Карнай-сурнай садолари ёшларнинг “Ўзбекистон!” деган ҳайқириғига уланиб кетди.

Тантанали маросимда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансур Оллоёров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, сенатор Маҳмуд Тоир ва бошқалар паралимпиячиларимизнинг бу юксак ғалабаси халқимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлагани, мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор ва ғамхўрликнинг улкан самараси бўлганини таъкидлади.

Ғолиб ва совриндор спортчиларимиз номидан сўзга чиққан уч карра Паралимпия ўйинлари ғолиби Ҳусниддин Норбеков ҳамда Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ҳисобига биринчи олтин медални тақдим этган Асила Мирзаёрова халқимизнинг ишончи, давлатимизнинг ёшларга қаратаётган юксак эътибор ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдирди.

Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, иштирокчилари, уларнинг ота-оналари ва яқинлари усти очиқ автобусга ўтириб йўлга чиқди. Тошкент халқаро аэропортидан Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси биносига қадар музаффар спортчиларимизни кутиб олиш учун йиғилганлар уларни қутлади: “Баракалла, қудратли юртнинг муносиб фарзандлари! Ғалабангиз муборак бўлсин!”

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш, билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қизиқиш ва интилишига мос касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши, халқаро майдонларда матонатини, иродасини, жасоратини кўрсатишини таъминлаш доимий эътиборда.

Франциянинг Париж шаҳрида ўтган XVII Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг ғалабага бўлган қатъий ишончи, туғилиб ўсган Ватанини баралла мадҳ этишга бўлган интилиши улар кўрсатган натижаларда бутун бўй-басти билан намоён бўлди.

Паралимпия ўйинларида матонатли ва иродали пара спортчиларимизнинг ғалабаси шарафига Ўзбекистон номи, мустақил мамлакатимиз мадҳияси баралла янгради, байроғимиз баланд ҳилпиради. Улар қайд этган натижалар, рекордлар, қўлга киритган медаллар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Ҳар қандай натижа таққосларда янада залворли кўринади. 2012 йили Лондон шаҳрида бўлиб ўтган XIV Паралимпия ўйинларида ўн нафар пара спортчимиз иштирок этиб, битта кумуш медални қўлга киритган эди. 2016 йилги Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XV Паралимпия ўйинларида 8 олтин, 6 кумуш, 17 бронза, “Токио-2020”да 8 та олтин, 5 та кумуш ҳамда 6 та бронза жами 19 медаль жамғарилган эди. Ўзбекистон пара спортчилари Франциянинг Париж шаҳрида ўтган XVII Паралимпия ўйинларида 10 олтин, 9 кумуш ва 7 бронза медални қўлга киритди. Ҳа, бу галги натижа ўтган Паралимпия ўйинларидаги медалларни сифат бўйича ортда қолдирди.

Шуни таъкидлаш лозимки, “Париж-2024” Паралимпия ўйинларида пара енгил атлетикачимиз, Ўзбекистон делегацияси байроқдори Ҳусниддин Норбеков ядро улоқтиришда 16,82 метр натижа билан олтин медални қўлга киритиб, Паралимпия ўйинларининг янги рекордини ўрнатди ва фаолиятида уч карра Паралимпия чемпионига айланди. Шерзод Намозов эса пара дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритиб, икки карра Паралимпия чемпиони бўлди.

Пара атлетимиз Бобур Омонов ядро улоқтириш бўйича эркаклар ўртасида икки карра Паралимпия чемпиони дея эътироф этилди. Унинг 14,32 метр натижаси эса “Токио-2020” Паралимпия ўйинларидаги ўзининг рекордини ҳам янгилади.

Пара атлетика бўйича Т11 тоифасида аёллар ўртасида узунликка сакраш баҳсларида Асила Мирзаёрова 5,24 метр натижа кўрсатиб, Паралимпия рекорди ва олтин медалига эга чиқди. Шунингдек, Нурхон Қурбонова найза улоқтириш баҳсларида 21,12 метр натижа қайд этиб, жаҳон рекордини янгилади ва олтин медалга сазовор бўлди. Нурхон мазкур Паралимпиадада ядро улоқтиришда бронза медалини ҳам қўлга киритди.

Ҳа, Паралимпия ўйинларида шоҳсупага кўтарилган ҳамюртларимизнинг ҳар бири алоҳида эътирофга муносиб.

– Паралимпия ўйинларидаги ғалабамизни мустақиллигимизнинг 33 йиллигига бағишлаймиз, – дейди Асила Мирзаёрова. – Олимпиячиларимизни кутиб олиш маросимини эшитганимизда уларга чин дилдан ҳавас қилган, биз ҳам нуфузли мусобақада муносиб иштирок этиб, ғалаба қозонамиз, деб ният қилган эдик. Бугун ана шу ниятимизга етганимиздан, бизни ҳам олимпиячиларимиз каби катта тантана билан кутиб олишганидан бошимиз осмонга етди.

Ҳукумат раҳбарлари, тегишли давлат ташкилотлари мутасаддилари иштирокида Парижда якунланган ёзги Паралимпия ўйинларида муваффақиятга эришган пара спортчиларимизга Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари асосида пул мукофотларининг сертификати, Президент совғалари бўлган “Chevrolet Tahoe”, “BYD Song Plus EV Champion”, “BYD Song Plus DM-i Champion” автомобилларининг калити ва хонадон калитлари топширилди.

Ўзбекистон спортчилари XVII Паралимпия ўйинларида ўз маҳорати, матонати ва шижоатини тўла намоён этди. Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Спортчиларимиз келажакдаги нуфузли мусобақаларда, жумладан, 2028 йили АҚШнинг Лос Анжелес шаҳрида бўладиган XVIII Паралимпия ўйинларида бундан-да салмоқли натижаларга эришиши шубҳасиз.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Президент Администрaцияси департамент раҳбари Одил Абдураҳмонов иштирок этди.

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ,

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА мухбирлари