Кеча Остона шаҳрида V Жаҳон кўчманчилар ўйинлари тантанали равишда очилди.“Aстана Aрена” стадионида бўлиб ўтган маросимга 3 минг нафар санъаткор жалб этилган.

Дастурга кўра, дастлаб томошабинлар йирик спорт анжуманлари учун анъанавий ҳисобланган тадбир – иштирокчи давлатлар вакилларининг майдон узра юришини кузатишди. Трибуналар бўйлаб қадам ташлаган ўзбекистонлик спортчиларни ҳам қардош юртда тўпланган мухлислар алоҳида олқишлаб турди.

Маросимда Президент Қосим-Жомарт Тоқаев сўзга чиқиб, ўйинларни расман очиб берди. Шундан сўнг V Жаҳон кўчманчилар ўйинлари ташкилий қўмитаси раиси Роман Скляр ва Жаҳон этник спорт конфедерацияси президенти Билол Эрдоған ҳам сўзга чиқди.

Улкан анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Татаристон раҳбари Рустам Миннихонов, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров сингари олий мартабали меҳмонлар иштирок этди.

Мазкур мусобақа доирасида жамоалар Остона шаҳридаги энг яхши спорт майдончаларида 21 спорт тури, жумладан от пойгаси, курашнинг миллий турлари, анъанавий интеллектуал ўйинлар, жанг санъати, анъанавий ўқ отиш, қуш овининг миллий турлари, от мусобақалари, халқ ўйинлари бўйича рақобатга киришади.

Ташкилотчилар томонидан 10 гектар жойда махсус барпо этилган “Көшпенділер Әлемі” этнография овулида кўчманчи халқларнинг асл маданияти, хусусан қозоқ халқининг бой мероси олами билан танишиш мумкин.
13 сентябргача давом этадиган V Жаҳон кўчманчилар ўйинларида 89 давлатдан 2800 га яқин иштирокчи рўйхатдан ўтган. Улар 97 тўп медаллар жамланмаси учун кураш олиб боришади.

Г.Сатторова,

ЎзА