Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрида Осиё Олимпия кенгаши (ООК)нинг 44-Бош Ассамблеяси ўтказилмоқда.

Ассамблея кун тартибига мувофиқ, ташкилотнинг раҳбарлик лавозимларига сайловлар бўлиб ўтди. Ташкилотни вақтинчалик бошқариб бораётган Ража Рандхир Сингх ООК президенти этиб сайланди. Шунингдек, 5 та минтақага вице-президентлар овоз бериш йўли билан аниқлаб олинди.

Отабек Умаров Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон ва Афғонистондан иборат Марказий Осиё минтақаси бўйича ташкилот вице-президенти этиб сайланди дея хабар бермоқда МОҚ матбуот хизмати.

Бунгача Отабек Умаров муддати қисқа бўлган давр – “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича вице-президент эди. Бу вақтинчалик лавозим мусобақа якунигача амал қилса, Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президентлик доимий характерга эга ва энди ҳамюртимиз бутун қитъамиздаги 5 минтақадан бирида Олимпизм ривожига масъул бўлади.

Қайд этиш жоиз, Отабек Умаровнинг сўнгги йилларда спорт бошқарувида эришган муваффақиятлари алоҳида эътироф этилиб, бугун янада масъулиятли лавозимга сайланди ва энди у бутун Марказий Осиё минтақасидаги Олимпизм ҳаракатининг ривожига масъул бўлади.

Тадбирда сўз олган О.Умаров қитъамиз спорти жаҳонда янада катта эътирофга сазовор бўлаётгани, бунинг исботи ўлароқ «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинларида Осиёнинг 4 давлати ТОП-15 таликдан жой олгани, Президентимизнинг спортни қўллаб-қувватлашлари билан Ўзбекистон ўз тарихида энг яхши натижани қўлга киритганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, билдирилган ишончни оқлашга, минтақада Олимпизмнинг пок ва эзгу ғояларини янада кенг тарғиб қилишга ваъда берди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА