Президент Шавкат Мирзиёев Парижда бўлиб ўтаётган Паралимпия ўйинларининг кейинги кунларида муваффақият қозонган спортчиларимиз билан телефон орқали суҳбатлашди.
Дзюдочи Шерзод Намозов финалда рақибини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритган эди. Бу ҳамюртимизнинг Паралимпия ўйинларидаги иккинчи чемпионлиги бўлди.
Енгил атлетика бўйича ядро улоқтириш баҳсларида Ҳусниддин Норбеков 16.82 метр натижа қайд этиб, биринчи ўринни эгаллади. Шу тариқа, у учинчи бор Паралимпия ўйинлари ғолиби бўлган илк ўзбекистонлик спортчига айланди.
Давлатимиз раҳбари суҳбатда уларнинг иродали курашларини ҳаяжон билан кузатганини, Ватанимизга навбатдаги олтин медалларни келтирганидан хурсандлигини таъкидлади. Халқимиз номидан спортчиларни самимий қутлаб, уларнинг мураббийлари ва ота-онасига ташаккур айтди.
Чемпионлар юксак эътибор ва доимий қўллов учун миннатдорлик билдирди.
ЎзА