_

Қорақалпоқ –қадимий ўлка. Бир пайтлар Орол денгизи туфайли унинг номи тилларда достон бўлганди. Денгизнинг аста-секин қуриши минтақада иқлим, табиат билан боғлиқ муаммолар келтириб чиқарди. Аммо сўнгги йилларда бу кўҳна диёр ёшараётгандек. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан унинг шаҳару қишлоқларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Улардан бири Қорақалпоғистон туманларини вилоятлар оталиққа олишидир. Масалан, Бўзатов туманида Фарғона вилояти катта дастур асосида кўплаб иқтисодий-ижтимоий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ўтган қисқа вақт ичида, яъни 2023-2024 йилларда жами 22,1 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. Жумладан, 11 миллиард сўм маблағ ҳисобига 7 та ижтимоий соҳа объекти қурилди, таъмирланди ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. 5,4 миллиард сўм маблағ ҳисобига 4 та мактабда капитал таъмирлаш, янги спорт заллари қуриш ва спорт инвентарлари билан таъминлаш ишлари амалга оширилди. 5,5 миллиард сўм маблағ ҳисобига 2 та мактабгача таълим муассасаси янгидан қурилди ҳамда жорий таъмирланиб, 1 та соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш муассасалари таъмирланди.

Бундан ташқари, тумандаги 72 нафар фахрий ҳамда 100 нафар ижтимоий дафтарга киритилган аёлнинг Фарғона вилоятидаги дам олиш масканларида даволаниши ташкил этилди. 300 та хонадонга 1,5 миллиард сўмлик 400 бош қўй-эчки, 250 бош қуён, 4000 бош парранда, 1500 бош курка бепул тақдим қилинди.

200 та оила уй-жойининг том қисми таъмирлаб берилди. Овулларда 2 км сув тармоғи тортилди, 6 км автомобиль йўли янгиланди.

–Фарғона вилоятидан келган деҳқон ва мутахассислар бугунгача 1750 гектар майдонни қайта фойдаланишга топширди ва уларда пахта, ғалла, сабзавот экинлари етиштирилиши йўлга қўйилди, – дейди Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ҳабибулло Сирожиддинов. – 3,9 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Туманда фарғоналиклар томонидан 5 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилди.

Айни кунларда Фарғона вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳи Бўзатовда. Улар 2024-2025 йил учун янада катта режалар тузишмоқда.

–Саноат йўналишидаги 34,2 миллион долларлик 3 та, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги 10 миллион долларлик 1 та лойиҳа шакллантирилди, – дейди Ҳабибулло Сирожиддинов. – “Бўзатов Қува агро” МЧЖ хусусий корхонаси томонидан қиймати 14,2 миллион доллар иш ўрни 200 та бўлган “Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш” лойиҳаси “Вине гарден Бўзатов” МЧЖ томонидан қиймати 10 миллион доллар бўлган “Узумчиликни ривожлантириш ва унинг базасида виночилик ҳамда спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш”, “Фиш Пром агро” МЧЖ томонидан қиймати 10 миллион доллар бўлган “Балиқчилик кўлларини ривожлантириш ва балиқчилик кластерини ташкил этиш”, “Қўқон Бўзатов Бентонит” МЧЖ томонидан қиймати 10 миллион доллар бўлган “Қизилмия илдизи экстрактини ишлаб чиқариш” каби лойиҳалар амалга оширилади.

Бўзатовга қилинаётган ички инвестиция натижасида 44 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 1036 та янги ишчи ўрни яратилади.

Муҳаммаджон Обидов,

ЎзА