Самарқанд шаҳрида 26 август куни “Шарқ тароналари” ХIII халқаро мусиқа фестивали бошланди.

Шарқ гавҳари, ер юзининг сайқали Самарқанд байрамлар оғушида. Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги ва “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига кўрилган тайёргарлик шаҳарга янада файз ва чирой бахш этган. Кўча ва хиёбонлар, майдонларда экилган турли туман гуллар, йўллар четидаги ранго ранг байроқлар кишига завқ беради. Сўлим боғ ва хиёбонлар таровати ўзгача.

Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган, Ғарб ва Шарқни боғлайдиган Самарқанд азалдан наинки савдо-сотиқ ва иқтисодий муносабатлар, балки маърифат маркази ҳам бўлган. Шунинг учун ҳам ҳамма давр ва замонларда одамлар Самарқандга талпинган, унинг гўзаллигидан, илм-маърифатидан баҳраманд бўлишни истаган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу муаззам шаҳарга меҳри, юксак эътибори туфайли Самарқанд бугун Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозасига айланмоқда ва бу қадимий кент жаҳон туризм бизнеси марказлари қаторига қўшилмоқда. Халқаро дипломатияда эса “Самарқанд руҳи” деган тушунча пайдо бўлди ва бу давлатлар, халқлар ўртасидаги дўстлик, бағрикенглик, аҳилликни ифода этмоқда.

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали эса ана шу руҳ, эзгу мақсадларни ифода этиши билан бугун Самарқандгагина хос қадрият даражасига кўтарилди ва қисқа танаффусдан сўнг яна азим шаҳарга қайтди.

Дунёда санъат ва маданият йўналишида кўплаб фестиваллар, танловлар ўтказилса-да уларнинг аксарияти маълум вақтдан кейин тўхтаб қолиши, унутилиб кетиши мумкин. Лекин “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ҳақида бундай дейиш нотўғри бўлади. Ташкил этилганига 27 йилдан ошаётган ва шу пайтгача ўн икки марта ўтказилган санъат фестивали жаҳон аҳлининг ўзаро маданий мулоқотга бўлган ҳаётий эҳтиёжини рўёбга чиқарувчи восита бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги мураккаб даврда инсонларни тинчлик, ҳамкорликка чорловчи ва буни амалда намоён этувчи эзгулик минбарига айланмоқда. Фестиваль ЮНЕСКО ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотларнинг асосий тадбирлари дастуридан ўрин олгани, улар томонидан фаол қўллаб-қувватланаётгани ҳам унинг даражаси қанчалик юқорилигидан далолат беради.

Президентимиз ташаббуси билан бу йил “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга қарор қилинди ва мазкур санъат байрамига ҳар қачонгидан ҳам юксак даражада тайёргарлик кўрилди. Дунёнинг саксонга яқин давлати вакиллари фестивалда қатнашиш истагини билдирди. Шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли маданият ва санъат арбоблари айни пайтда Самарқандда бўлиб турибди.

26 август, соат 19.00. Регистон майдони нуфузли санъат анжуманига тайёр. Мовий гумбазлар ранг-баранг чироқлар ёғдусида жилоланади. Майдон томошагоҳи ва саҳна атрофидаги гуллар ифори димоққа хуш ёқади. Амфитеатрда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимига йиғилган одамлар билан тўлган.

Фестиваль иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олади.

Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга берилади.

Давлатимиз раҳбари “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонларини қутлар экан, мазкур фестивалнинг мазмун-моҳияти, жаҳонда тинчлик ва миллатлараро тотувликни таъминлашдаги аҳамиятига тўхталди.

– Ўн учинчи бор ўтказилаётган ушбу анжуман гарчи “Шарқ тароналари” деб аталса-да, бугунги кунда у моҳият эътиборига кўра, “Жаҳон тароналари” фестивалига айланганига барчамиз гувоҳмиз. Бу ҳақиқатни биринчи фестивалда 31 та мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йил барча қитъалардаги 80 га яқин давлатдан 400 нафардан зиёд санъаткор ва олимлар иштирок этаётгани ҳам тасдиқлайди, – деди давлатимиз раҳбари.

Таъкидланганидек, бугунги нотинч ва таҳликали замонда азалий қадриятларни, одамийлик қиёфасини сақлаб қолиш тобора мушкул бўлиб бормоқда. Мана шундай мураккаб вазиятда илоҳий сарчашмалардан қувват олиб, вақт ва макон чегаралари оша гуманистик идеалларни тараннум этадиган асл санъат, мусиқа ва адабиёт халоскор куч бўлиб майдонга чиқиши зарур.

Шу нуқтаи назардан, “Шарқ тароналари”нинг дунёвий шуҳрат топиши ва эътироф этилиши бежиз эмас. Бинобарин, юртимизда маданият, санъат ривожи бир неча минг йиллик тарихга бориб тақалади ва бугунги мусиқа анжуманлари, фестиваль ва тадбирлар ана шу азалий томирлардан озиқланади, куч олади.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бизнинг халқимиз азал-азалдан санъатга меҳр ва ихлос қўйиб яшайди, мусиқани инсон руҳининг илоҳий қуввати деб билади. Буюк Шарқ мутафаккирлари мусиқа илми ва тарихи, мақом санъати, чолғу созлари ҳақида ажойиб асарлар яратганлар. Биз барчамиз мана шундай ўлмас маданий мероснинг ворисларимиз.

Абу Наср Форобий “Мусиқа ҳақида катта китоб” асарида товушларнинг вужудга келиши, куйлар уйғунлиги, ритм ўлчовлари ва турларини шарҳлаб берган. Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” китобида юрак, асаб касалликларини мусиқа воситасида даволаш яхши самара беришини таъкидлаган. Комил Хоразмий Хоразм нотасини ихтиро қилиб, “Рост” мақомининг дебочасини ушбу нотага туширган.

Амир Темур даврида илм-фан ва санъатнинг барча соҳалари қатори мусиқа ва қўшиқчилик ҳам юксак даражада ривожланган. Самарқандда турли ўлкалардан келган созанда ва хонандалар жам бўлган. Мусиқа кечалари ўтказилган.

Тарихчи Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Амир Темур саройида ўтказиладиган мусиқий анжуманлар ҳақида тўхталиб, “Яхши овозли хонандалар куйлашни бошлаб, ғазалу нақш айтур эрдилар. Ва турку мўғул, хитою араб ва ажамдин ҳар ким ўз расми билан нағма айтур эрди”, деб ёзган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ва айни вақтда анъанавий тарзда ўтказилаётган халқаро мақом санъати, бахшичилик санъати, ҳунармандчилик фестиваллари, фольклор ва рақс санъати бўйича “Буюк ипак йўли”, “Лазги” халқаро фестиваллари, Тошкент халқаро кинофестивали сингари йирик маданий тадбирлар ҳам қисқа вақтда кенг оммалашди, халқаро майдонда эътироф этилмоқда.

Президентимиз ўз сўзи давомида “Шарқ тароналари” фестивали тарихи ва анъаналарини, Шарқнинг бой ва ранг-баранг мусиқий маданиятига доир маълумотларни ўзида мужассам этадиган алоҳида энциклопедия ва унинг виртуал шакли – кўп тармоқли ахборот платформасини яратишнинг вақти келгани таъкидлади.

Шу билан бирга, юртимизда шаклланган ижобий тажрибадан келиб чиққан ҳолда,  ушбу анжуманнинг кўлами ва жозибасини янада ошириш мақсадида, “Шарқ тароналари” фестивалининг халқаро “Дўстлар клуби”ни ташкил этиш, шунингдек, фестиваль ғолиб ва совриндорлари иштирокида дунё мамлакатларининг нуфузли саҳналарида катта концерт дастурларини намойиш қилиш таклифларини билдирди.

Саҳнада ўзбек миллий куй-қўшиқлари, қардош халқлар наволари янграйди. Жаҳон мусиқа ва қўшиқчилик санъати дурдоналари ижро этилади, завқли рақслар дилларни жўш урдиради. Томошабинлар бу қўшиқларга жўр бўлади, рақсга тушади.

Тил ва таржимон танламас оҳанглар дилларга кириб боради. Ҳар бир инсонни, у қайси юрт, қайси миллат, қайси дин вакили бўлишидан қатъий назар, санъат орқали бир-бирига яқинлаштиради, дўстлаштиради.

Фестивалнинг нуфузи ва қамрови йил сайин ошиб бормоқда. Кўплаб мамлакатлар, халқаро маданият ташкилотлари, машҳур санъат намояндалари унда қатнашиш истагини билдирмоқда. Айни пайтгача “Шарқ тароналари”да дунёнинг 120 дан ортиқ давлатидан вакиллар қатнашган.

27-29 август кунлари халқаро мусиқа фестивали иштирокчиларининг кўрик-танловда чиқишлари намойиш этилади. Уларнинг дастурлари халқаро ҳайъат томонидан профессионал (классик) даражадаги халқ мусиқаси ва қўшиқ йўналиши ҳамда замонавий мусиқа ва қўшиқ йўналиши бўйича баҳоланади. 30 август куни фестиваль ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ва улар иштирокида концерт дастури намойиш этилади.

Фестиваль қатнашчилари Регистон майдонидаги асосий саҳнада танловда иштирок этиш билан бирга Самарқанд шаҳри ва Самарқанд, Пайариқ, Оқдарё, Тайлоқ, Пастдарғом туманларидаги театрлар, маданият ва истроҳат боғларида концерт дастурларини намойиш этади.

Анъанага кўра, фестиваль доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.

Унда мусиқашунос олимлар, илмий-тадқиқот марказлари олимлари, мусиқа йўналишидаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда тадқиқотчилар иштирок этиши кутилмоқда.

Бу йилги конференция аввалгилари сингари ялпи мажлисдан иборат бўлиб қолмай, уч шўъбага бўлинган ҳолда иш олиб боради. Шўъба мажлислари давомида миллий мумтоз наволар, мақом намуналари ва халқимизнинг дурдона асарлари таниқли санъаткорлар томонидан жонли ижро этилиб, маҳорат сабоқлари ўтилади. Шунингдек, конференция доирасида илк бор Туркий давлатлар ташкилоти қошидаги Турк дунёси санъат ва мусиқа университетлари иттифоқининг йиғилишини ўтказиш кўзда тутилмоқда. 2022 йилда ташкил этилган мазкур иттифоққа туркий давлатлардаги ўндан ортиқ санъат олий таълим муассасалари аъзо ҳисобланади.

Фестиваль доирасида Регистон майдони яқинидаги Ўзбекистон Бадиий академияси Самарқанд филиали кўргазмалар залида миллий чолғу асбоблари кўргазмаси ўтказилади.

Санъат байрами иштирокчилари ва меҳмонлари Самарқанднинг ноёб тарихий обидаларини зиёрат қилиш, тўкин ва фаровон бозорларимизни кўриш, истиқлол йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва меҳмондўст халқимиз қадрият, анъаналари билан танишиш имкониятига эга бўлади.

Тантанали маросим юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочиларининг дилтор қўшиқлари билан давом этди. Самарқанд осмони узра порлаган мушаклар, “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали наволари олис-олисларда акс-садо берди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА махсус мухбирлари