Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан амалга оширган давлат ташрифи чоғида қатор қўшма тадбирлар бўлиб ўтди.

Бугун олий даражада тор доирадаги музокаралар ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди, Президентлар Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар.

Икки томонлама муносабатларни давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражасига кўтарган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланди. Ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар алмашилди.

Сўнг етакчилар икки мамлакат ишбилармонлари вакиллари билан учрашиб, қатор кооперация лойиҳаларини ишга туширдилар.

Давлат раҳбарлари рафиқалари билан биргаликда Ўзбекистон ва Озарбайжон санъат усталарининг концертида иштирок этдилар.

Ташриф тадбирлари якунлангач, Тошкент халқаро аэропортида Президент Илҳом Алиев ва рафиқасини Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кузатиб қўйди.

И. АВВАЛБОЕВ, Н. ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА