Шу кунларда Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабида шахмат бўйича давом этаётган «Abu Dhabi Chess Festival 2024» турнирининг «Masters» гуруҳида дунёнинг бир қатор номдор шахматчилари қатори ўзбекистонлик 11 нафар шахматчи ҳам ғолиблик йўлида дона сурмоқда.
Мукофот жамғармаси 63 минг 600 АҚШ доллардан иборат турнирнинг ортда қолган 3-туридан сўнг Нодирбек Ёқуббоев юз фоизлик натижа билан мусобақада FIDE байроғи остида ўйнаётган Володар Мурзин билан пешқадамлик қилмоқда.
Бугун, 19 август куни халқаро турнирнинг 4-турида айнан икки етакчи шахматчи куч синашади.
Турнирнинг 3-тур сарҳисобига тўхталадиган бўлсак, Ёқуббоев ушбу турда қора доналарда ҳиндистонлик Ҳарикришанни мағлубиятга учратди, Жавоҳир Синдоров оқ доналарда италиялик Алберто Барп (2452)дан устун келди. Баҳром Баҳриллаев (2344) қора доналарда колумбиялик гроссмейстер Хосе Кардосо (2507)ни таслим этди. Баҳриллаев 2,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 11-ўриндан жой олган. Шамсиддин Воҳидов (2643) ҳам ғалабага эришди. Ёш гроссмейстеримиз қора доналарда ҳиндистонлик Ажай Сантошни енгди. Бу турда Ортиқ Ниғматов, Абдумалик Абдусалимов ва Афруза Ҳамдамова рақиблари билан дурангга келишди. Ёш шахматчиларимиз Муҳиддин Мадаминов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Саидакбар Сайдалиев ва Ҳумоюн Бегмуратов имкониятни бой берди.
Мусобақалар 25 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА