Бугунги кунда юртимизда кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Аммо қурилиш жараёнларида шаҳарсозликка оид қонунчилик талабларига қай даражада эътибор қаратилмоқда? Бунёд этилаётган кўп қаватли турар жойлар ва ижтимоий соҳа объектларининг сифати, сейсмик ҳолати талабга жавоб берадими?
Кўп ҳолларда 5 қаватга мўлжалланган турар жойлар 7-8 қават қилиб ёки 9 қаватга мўлжалланган бинолар 12 қават қилиб якунланаётганига гувоҳ бўламиз. Бу қанчалик тўғри? Режадан ортиқ қаватлар қўшилиши бинонинг хавфсизлиги, унинг канализация, сув ва электр тизимларига ортиқча юклама бўлмайдими?
Бундан ташқари, янги барпо этилаётган уйларнинг ён-атрофини ободонлаштириш, болалар майдончаларини барпо этиш, етарли даражадаги автотураргоҳ билан таъминлаш масалалари қай даражада ҳал этилмоқда?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан бўлиб ўтган навбатдаги “Ҳукумат соати”да шу каби масалалар кўтарилди. Депутатларнинг қурилиш соҳасига оид саволларига қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Ҳидоятов жавоб берди.
Шерзод Ҳидоятов соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталар экан, қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлашга хизмат қилувчи бир қатор ахборот тизимлари ва электрон платформалар ишга туширилганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, ҳар бир объектнинг электрон паспорти яратилади. Шу пайтгача эски уйларнинг 80 фоизининг паспорти шакллантирилган ва 2026 йилгача барча объектларнинг паспортини шакллантириш ишлари якунланади.
Бугунги кунда деярли автомобилсиз хонадон қолмаяпти. Аммо кўпгина янги қурилган уйларда автотураргоҳларнинг етарли эмаслиги муаммо бўлиб қолмоқда. Депутатларнинг бу борадаги саволларига вазир вазифасини бажарувчи қуриладиган кўп қаватли турар жойлар режасида ҳар бир хонадон учун етарли автотураргоҳ бўлмаса, уларнинг қурилишига рухсат берилмаслигини таъкидлади.
— Жойлардаги ўрганишларимиз давомида аҳолининг қурилиш соҳасига оид кўплаб эътирозлари бўлгани сабабли ушбу вазирликни “Ҳукумат соати”да эшитиш таклифи билан чиқдик, — дейди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Гулруҳ Агзамова. — Ўзимнинг сайлов округим бўлган Сергели ва Янгиҳаёт туманларида жуда кўплаб қурилишлар амалга оширилмоқда. Кўпинча 4, 7, 9 қаватга мўлжаллаб бошланган биноларга яна 2-3 тадан қаватлар қўшиб қурилмоқда. Бу шаҳарсозлик нормаларига қанчалик жавоб беради?! Чунки уйнинг фундаменти, канализация ва сув қувурлари тизими режада белгиланган меъёр асосида бўлади. Қаватлар сони кўпайиши эса келгусида сув етказиб берилишида, канализациянинг ишлашида муаммо келтириб чиқаради. Қолаверса, энг муҳими, хавфсизлик масаласи кўрилмаган бўлади. Уйнинг сейсмик ҳолатларга бардошлилигига ким жавоб беради?! Шундай экан, объектлар шаҳарсозлик нормаларига жавоб бериши, мукаммал бўлиши керак. Соҳага оид қонунчиликда бўшлиқлар бўлмаслиги лозим. Бу борада депутатлар ўз таклифларимизни бердик.
Дарҳақиқат, хавфсиз ва сифатли турар жойлар энг асосий масала. Шундай экан, сифатли бино ва иншоотлар барпо этиш, кўп қаватли уйларда ноқонуний қўшимча қаватлар қуришнинг олдини олиш, бошқарув сервис компаниялари ва хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатлари масъулияти ва жавобгарлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Муҳтарама Комилова, Дониёр Ёқубов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА