15 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан тасдиқланаётган Тадбиркорлик кодекси 100 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатларини унификaция қилиш назарда тутилган бўлиб, унинг асосий мақсади тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Шунингдек, кодексда фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратиш, хусусий мулк, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш асосий вазифа сифатида белгиланмоқда.

Кодексда тадбиркорлик фаолиятининг асосий принциплари унификaцияланган ҳолда мустаҳкамланган: қонунийлик, тадбиркорлик эркинлиги, тадбиркорлик субъектлари тенглиги, ҳалол рақобат,  коррупциядан холилик ва бошқалар.

Кодекс билан тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда (амалда тоифа сифатида фақат кичик тадбиркорлик субъекти мавжуд эди).

Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турлари белгиланган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда.

Тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ҳамда тартибга солиш шакллари белгиланмоқда ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилмоқда.

Кодексда ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий корхона, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари рўйхати ва уларни, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг механизмлари белгиланмоқда.

Шу билан бирга, кодексда бизнес-инкубаторларнинг ҳуқуқий мақоми, мақсад ва вазифалари белгиланмоқда ҳамда давлат корхоналарига рақобатни чекловчи имтиёз ва преференциялар бериш тақиқланмоқда.

Тадбиркорлик кодексининг қабул қилиниши тарқоқ қонунчилик ҳужжатларини ягона ҳужжатга бирлаштириш, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини барқарорлаштириш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилашга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун қизғин муҳокамадан сўнг сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Конституциявий қонун муҳокама қилинди.

Мазкур қонун ҳукумат фаолиятини янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш ва унинг замонавий шароитда самарали ишлашини таъминлашга қаратилган.

Қонун билан Вазирлар Маҳкамасининг вазифа ва ваколатларига доир бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар мустаҳкамланмоқда. Хусусан, ижро этувчи ҳокимиятнинг иқтисодиёт, бюджет, молия, солиқ, ижтимоий, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ваколатлари аниқ белгиланмоқда.

Шунингдек, Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва вазирларни лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тартиби, уларнинг мажбуриятлари, вазифалари ҳамда шахсий жавобгарлиги аниқлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, қонунда ҳукумат фаолиятининг масъулияти ва очиқлигини оширишга қаратилган қатор муҳим ўзгаришлар акс этган. Жумладан, Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва вазирлар ҳар йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасига мамлакатимиз ҳаётидаги ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан ҳисобот тақдим этиши назарда тутилган.

Ҳукумат фаолиятида иш тартибини соддалаштириш учун янгича ёндашувни таъминлаш мақсадида мазкур қонун билан Вазирлар Маҳкамаси доирасидаги барча масалалар ҳукумат мажлисларида ҳал этилиши белгилаб қўйилмоқда.

Шу билан бирга, вазирларнинг турли йўналишлар бўйича масъулияти ва шахсий жавобгарлиги кучайтирилмоқда.

Жумладан, ўзи раҳбарлик қилаётган вазирликда ишни самарали ташкил этиши, бириктирилган соҳа ва тармоқларда ягона давлат сиёсатини самарали олиб бориши, уни ривожлантириш бўйича натижа ва оқибатлар учун шахсан жавобгар бўлиши белгиланмоқда.

Қизғин кечган муҳокамада сенаторлар мазкур қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг турли даражалари ўртасида изчиллик ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш тамойилига асосланиши, бу эса самарали давлат бошқарувининг асосий омили эканини қайд этди.

Муҳокама якунида сенаторлар қонун давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришда, унинг самарадорлиги ва аҳоли олдидаги масъулиятини янада оширишда муҳимлигини таъкидлаб, уни маъқуллади.

Шундан кейин ялпи мажлисда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар сони ошиб бормоқда. Мавжуд ҳуқуқий механизмлар унинг олдини олиш ҳамда жабрланувчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда етарли самара бермаяпти.

Охирги 3 йилда 2 мингдан ортиқ фуқаро судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган, шундан 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортганлиги учун жавобгарликка тортилган.

Қонун болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солади.

Хусусан, зўравонлик туфайли жабрланган шахс ариза билан тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат этиши, махсус марказларда, шунингдек, бепул телефон линияси орқали бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Қонун билан илк бор янги институт жорий қилинмоқда. Зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби йўлга қўйилмоқда. Ушбу ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан ўттиз кун муддатгача берилади ва ваколатли давлат органи иштирокида жабрланувчига топширилади.

Агар таҳдид ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг аризасига кўра, жиноят ишлари бўйича суд томонидан бир йилгача узайтирилиши мумкин.

Қонунда жабрланувчига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсациясини талаб қилиш ҳуқуқи акс эттирилмоқда.

Шунингдек, қонунда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, мазкур йўналишда фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда уларнинг ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига зўравонликдан жабрланувчи, шунингдек, ўзларига нисбатан зўравонлик содир этиш хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда зарур ҳолларда уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар қўлланилишини таъминлаш бўйича вазифалар юклатилмоқда.

Қонун билан ота-оналар масъулияти яна бир карра оширилмоқда. Жумладан, ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши шартлиги, болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланиши назарда тутилмоқда.

Муҳокама жараёнида ушбу қонуннинг қабул қилиниши болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш ва зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда “Ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш  ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” деган эзгу ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди, шунингдек, унинг ҳузурида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари иш бошлади.

Шу муносабат билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ваколатлари, шунингдек, аҳолини қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган қатламларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдам турларини қонун ҳужжатларида аниқлаштириш зарурияти юзага келмоқда.

Мазкур ҳужжат билан айрим қонунларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг зиммасига дафн этиш учун нафақани бериш вазифасини юклаш, унинг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатларини белгилаш, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судларга ва маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод этиш билан билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, қонун билан киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган  80 ёшга тўлган кексаларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланиши учун даволаш муассасасининг хулосаси талаб этилмайди.

Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилмоқда.

Қонун билан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар, ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар йўқолган ёхуд яроқсиз ҳолга келган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID-картаси ёки биометрик паспортини алмаштиришда давлат божини тўлашдан озод қилинмоқда.

Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳомийлик қилиш учун йўналтирилган маблағлар солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритилиши белгиланмоқда.

Мазкур қонун ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламларининг манзилли ва самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтириш, шунингдек, ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда уларнинг сифатини оширишга хизмат қилиши сенаторлар томонидан алоҳида қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг давлатларнинг космик фазони тадқиқ қилиш ва фойдаланиш, шу жумладан, Ой ва бошқа осмон жисмлари (Лондон, Москва ва Вашингтон, 1967 йил 27 январь) фаолият принциплари тўғрисидаги Шартномага қўшилиши тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда космик фаолият жаҳон ҳамжамиятининг глобаллашуви ва ахборотлаштириш жараёнида муҳим ўрин тутмоқда.

Дунёнинг барча етакчи ва кўплаб ривожланаётган давлатлари томонидан космик фазони ўрганиш ва ундан фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилиб, космик салоҳиятдан иқтисодий, мудофаа, техник, илмий, ижтимоий, маданий ва халқаро манфаатларни амалга ошириш учун фойдаланиб келинмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси халқаро аренада ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, мустаҳкамлаш, халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда космик фаолиятни амалга ошириш, шунингдек, технологиялар трансферини жадаллаштириш мақсадида халқаро ташкилотларга аъзо бўлиши ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланган ҳужжатларни қабул қилиши ёки қўшилиши долзарб масалалардан бирига айланмоқда.

Таъкидланганидек, Шартнома 1967 йил 10 октябрда кучга кирган ва 2024 йил ҳолатига кўра, унга 114 та мамлакат қўшилган.

Шартноманинг ратификация қилиниши Ўзбекистоннинг космик фазони тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш, космоснинг барча ҳудудлари ва осмон жисмларига эркин кириш, шунингдек, халқаро космик лойиҳаларда, ресурслар ва билимлар алмашинувида қатнашиш имкониятларини очиб беради.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик бешинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати