Маданият вазирлиги “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали республика кўрик-танловида бу саволга ойдинлик киритди.
Маданият вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида ўтказилган танловда юртимизнинг турли ҳудудларидан 60 нафарга яқин ёш ижодкор иштирок этди.
Танлов ташкилотчиларининг қайд этишича, асосий мақсад бу йилги фестивалда мамлакатимиз вакили сифатида қатнашадиган ёш ижрочиларни аниқлаш эди.
Ёшларнинг чиқишлари юртимизнинг таниқли қўшиқчи ва бастакорлари, мусиқашунослари томонидан тўрт йўналиш бўйича баҳоланди.
“Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик масалаларига бағишлаб кеча ўтказилган матбуот анжуманида мазкур танлов ҳайъати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Қўзиев танлов иштирокчилари ҳақида ўз фикрларини билдириб, қатнашчилар орасида истеъдодли қўшиқчи ва созандалар, яхши гуруҳлар кўплигини таъкидлади. Хусусан, “Мақом бенд” гуруҳи, бухоролик қўшиқчи Гулчирой Бахшиллоева, найчи Тоштемур Шукруллаев номини алоҳида қайд этди.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, профессионал (классик) даражадаги халқ мусиқаси йўналиши бўйича биринчи ўрин “Мақом бенд” жамоаси ва Ўзбекистон давлат симфоник оркестр қошидаги миллий мумтоз ансамблига берилди. Профессионал (классик) даражадаги халқ қўшиқлари йўналишида эса Навоий вилояти вакили Шерзод Мардонов ғолиб бўлди. Замонавий композиторлар томонидан яратилган мусиқа ва қўшиқ йўналишларида ғолиблик Ўзбекистон давлат симфоник оркестр қошидаги миллий мумтоз ансамбли найчиси Тоштемур Шукруллаев ва Бухоро вилояти вакили Гулчирой Бахшиллоеваларга насиб этди. Шунингдек, иккинчи ва учинчи ўринга муносиб кўрилган ёшлар ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Танловда биринчи ўринни эгаллаган иштирокчиларга “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалида Ўзбекистон Республикаси номидан иштирок этиш учун йўлланма берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири