NHK телекомпанияси хабар беришича, Япония Бош вазири Фумио Кисида лавозимини тарк этмоқчи. Аниқроғи, у ўз қароргоҳида бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакатдаги ҳукмрон Либерал-демократик партия раҳбарлиги сайловида иккинчи муддатга номзодини қўймаслик қарорини маълум қилди.

– Партия ўзгариб бораётганини кўрсатиш учун биринчи ва энг тушунарли қадам раҳбарликни тарк этишдир, – деди у. – Мен сайловда қатнашмайман.

Партиянинг сентябрда бўлиб ўтадиган сайловда сайланадиган янги раҳбари Бош вазир бўлади.

Фумио Кисида 2021 йил октябрдан буён ҳукуматни бошқариб келмоқда. Ёсихиде Суга ўрнини эгаллаган ушбу сиёсатчи аввал мудофаа ва ташқи ишлар вазири лавозимларида ишлаган. Эслатиб ўтамиз, Япония Бош вазири мамлакатда кучли зилзила хавфи юзага келиши асносида Ўзбекистонга сафарини бекор қилганди.