Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимиз иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 март кунги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, “Аёллар дафтари” – ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базасини юритиш мақсадида “Аёллар дафтари”нинг 5-босқичи шакллантирилди.
– Жорий йил 14 июль кунига қадар 40 нафар маҳалла хотин-қизлар фаоли томонидан хонадонма-хонадон юриб, оилалар билан бирма-бир сўровномалар ўтказилди, – дейди, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Сайёра Қозиева. – Ўрганилиб чиқилган сўровномалар натижасида 88 минг 102 нафар хотин-қизнинг баланси янгиланди. Тумандаги барча маҳаллаларга бириктирилган ишчи гуруҳлар томонидан 5-босқич “Аёллар дафтари”га киритиш мақсадида хатлов ўтказиш ишлари якунланди. Секторлар раҳбарларининг таклифига кўра ушбу босқичда “Аёллар дафтари”га жами 5 930 нафар хотин-қиз киритилди. Асосий ва қўшимча ёрдамлар кўрсатиш учун “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унга мувофиқ 3 минг 314 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланиб, 94 нафарига кредит маблағи ажратилди ва ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага, уй-жойга муҳтож, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд 500 нафарга яқин хотин-қизга моддий ёрдам кўрсатилди.
Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, қулай шароитлар яратиб бериш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Беруний овул фуқаролар йиғинида 3 минг 157 нафар хотин-қизнинг рўйхати шакллантирилган бўлиб, йил бошидаги хатлов асосида 5-босқич “Aёллар дафтари”га 218 нафар хотин-қиз киритилган. Ҳудудда “Aёллар дафтари”нинг 6 та тоифаси бўйича ўрганишлар олиб борилиб, бу борада амалга оширилаётган натижали ишлар кўзни қувонтиради.
Ҳудудларда ҳоким ёрдамчилари томонидан “Aёллар дафтари”да рўйхатда турган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилаётгани фикримизнинг далилидир. “Бирлик” маҳалласида 2 минг 354 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига асосан 57 нафар фуқарога имтиёзли асосда 1 миллиард 212 миллион сўм кредит ажратилган бўлса, шундан 37 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолияти учун кредит маблағлари ажратилган.
Туман ҳудудида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш, энг асосийси бугунги кундан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасидаги хайрли ишлар давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.