Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчилари тантанали кутиб олинди.
…Тошкент халқаро аэропорти ҳар доимгидан ҳам гавжум. Бу ерда қўлларида даста-даста гул кўтарган гўзал қизлар, юрт байроғини кўтарган йигитлар, юзларидан нур ёғилиб турган нуронийлар, Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимизнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлган.
Биз қалбида қувонч ва ифтихор ҳисси жўш урган, ўғлининг тарихий натижаси ила фахрланган, фарзанди билан бўлажак дийдор онларини интиқлик билан кутаётган Баҳодир Жалоловнинг онаси Сабоҳат Ёқубовани суҳбатга тортдик:
– Очиғи ўғлимнинг ҳар қандай ғалабасини катта ҳаяжон билан қабул қиламан. Ҳозир ҳам ҳаяжонланяпман, этим жимирлаб кетяпти, ўғлим Олимпиаданинг икки карра чемпиони бўлди, – дейди Сабоҳат опа. – Ўғлимнинг ғалабаси бутун Ўзбекистон халқини руҳлантириб юборди. Баҳодирнинг Ватанимиз довруғини олам узра тараннум этаётганидан, эл-юртимизга хизмат қилаётганидан фахрланаман. Унинг ғалабаси мамлакатимизда спортга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.
…Соат 21:10. Спортчиларимизни олиб қайтаётган махсус авиалайнер Тошкентга қўнгани эълон қилинди. Орзиқиб кутилган лаҳзалар етиб келди. Бутун дунё нигоҳи қадалган Париж спорт ареналарида Ўзбекистон номини шарафлаган спортчиларимиз давлатимиз байроғини баланд кўтарган ҳолда юртимиз заминига қадам қўйди. Карнай-сурнай садолари янгради. Лобар қизлар уларга гуллар тақдим этди.
Тантанали маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раҳбари Танзила Норбоева ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган шароитлар юксак самара бераётганини алоҳида таъкидлади. Халқаро спорт оламида янги саҳифа очган олимпиячиларимизни юксак ғалабалар билан табриклади.
Ғолиб ва совриндор спортчиларимиз номидан сўзга чиққан бокс бўйича Олимпия ўйинларининг икки карра мутлақ чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ва олтин медаль соҳиби Диёра Келдиёрова бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимиз ва халқимизга самимий миннатдорлик билдирди. Келгусида бундан-да юксак ғалабаларни қўлга киритишга ваъда берди.
Қаҳрамон спортчиларимизнинг ота-оналари номидан бокс бўйича Олимпия ўйинларининг икки карра чемпиони, олтин медаль соҳиби Баҳодир Жалоловнинг онаси Сабоҳат Ёқубова, таэквондо бўйича Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашитовнинг онаси Оксана Даниленко сўзга чиқиб, барча спортчиларимиз ва юртдошларимизни қутлади.
Шундан сўнг, Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига энг кўп медаль тақдим этган бокс бўйича терма жамоамиз бош мураббийи Тўлқин Қиличев эришилган оламшумул натижалар, спортчиларимизнинг тарихий ғалабалари хусусида тўхталди.
– Бизни бундай катта тантана билан кутиб олишганидан хурсандмиз, – дейди XXXIII ёзги Олимпиада ўйинлари кумуш медали соҳиби Светлана Осипова. – Бу эътибор ва ғамхўрлик келажакда янада юксак муваффақиятларга эришишимизда қувват бўлади.
– Ёшларга юксак ишонч билдирадиган, бирор нуфузли мусобақага кетса, тантанали кузатиб, байрам қилиб кутиб оладиган мамлакат бармоқ билан саноқли. Жонажон Ўзбекистонимиз доимо бизни аъло кайфиятда кутиб олади. Ҳозир қувончдан ўзимга сиғмай кетяпман. Ҳаммаси учун раҳмат, – дейди XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари икки карра ғолиби Улуғбек Рашитов. – Олимпиада нафақат мен учун, балки бутун терма жамоамиз учун омадли бўлди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ғолибларга бағишлаб шеър ўқиди.
Олимпиада ғолиб ва совриндорлари, иштирокчилари, уларнинг ота-оналари ва яқинлари усти очиқ автобусга ўтириб, кетма-кет йўлга чиқди. Музаффар спортчиларимизни кутиб олиш учун йиғилганларнинг адоғи кўринмайди. Улар йўл четида турнақатор тизилиб, спортчиларимизни қўлларидаги байроқчаларни ўйнатган ҳолда тарихий ғалаба билан қутлайди. Чексиз ифтихорга тўла ҳайқириқлар, олқишлардан этингиз жимирлаб кетади.
“Париж – 2024”да Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган спортчиларимиз Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига етиб келди. Карнай-сурнай садолари янгради. Ёрқин ғалабалари билан бутун халқимизни хушнуд этган спортчиларимизга зар тўнлар кийдирилди. Шунингдек, ғолиб ва совриндор спортчиларга Президент совғалари – “Chevrolet Tahoe”, “BYD Song Plus Champion (605 km, Flagship)” ва “BYD Song Plus Champion (150 km, Flagship) автомобиллари, хонадон калитлари ва пул мукофотлари топширилди.
Мутлақо янгича асосда бунёд этилган таълим-тарбия, спорт ва маданият масканларида замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, Ўзбекистоннинг буюк келажагини ўз куч-қуввати, ақл-заковати билан қурадиган ёш авлод камол топмоқда. Улар нуфузли халқаро мусобақаларда, Олимпиада ва жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини амалда исботлаётгани барчамизни қувонтиради.
“Париж – 2024”да ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимизнинг аксарияти 20-25 ёшда. Улар мустақиллик йилларида туғилиб вояга етган, истиқлол иншоотларида шуғулланган. Ёшларимизнинг ғалабасини кузатар экансиз, таълим-тарбия ва спорт соҳаларида амалга оширилган ишларнинг ёрқин самарасини кўрасиз. Буни спортчиларимизнинг биргина ёзги Олимпия ўйинларидаги иштироки мисолида ҳам кўриш мумкин. Эътибор берсангиз, юртимизнинг оловқалб спортчилари ёзги Олимпия ўйинларидан ҳеч қачон медалсиз қайтмаган.
1996 йил Атлантада ўтган ёзги Олимпия ўйинларида спортчиларимиз биттадан кумуш ва бронза медали, 2000 йил Сиднейда битта олтин, битта кумуш ва иккита бронза, 2004 йилги Афина Олимпиадасида икки нафар спортчимиз олтин, бир нафари кумуш, уч нафари бронза, 2008 йилги Пекин Олимпиадасида 1 олтин, 2 кумуш, 3 бронза, 2012 йилги Лондон Олимпиадасида битта олтин, иккита бронза медалини қўлга киритган. “Рио – 2016”да 4 олтин, 2 кумуш, 7 бронзага сазовор бўлган олимпиячиларимиз Токио Олимпиадасида 3 олтин ва 2 бронза соҳиби бўлди. Бу галги Олимпия ўйинларида эса 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 бронза медалига эга бўлган спортчиларимиз Мустақиллигимизнинг 33 йиллигига муносиб туҳфа тайёрлади.
Яна бир факт. “Париж – 2024”да дунёнинг 206 давлатидан 10 минг 714 нафар спортчи қатнашди. Улар орасидан 84 давлат спортчиларигина шоҳсупага кўтарилди. Олтин медални қўлга киритганлар янада кам – 62 та. Ўзбекистон спортчилари эса 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 бронза жами 13 медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади. Ўзбекистон спорт делегацияси Осиёда тўртинчи, МДҲ давлатлари ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.
Боксчиларимиз 5 та олтин билан Хитой, Хитой Тайпейи, Жазоир, Куба, Ирландия, Қозоғистон, Украина, Франция, Испания, Туркия, АҚШ ва Озарбайжон каби бокс энг ривожланган давлат спортчиларини ортда қолдирди.
Президентимизнинг “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори спортчиларимизнинг ушбу нуфузли мусобақада юксак натижаларни қайд этишида муҳим дастуриламал бўлди.
ХХХIII ёзги Олимпия ўйинларида Диёра Келдиёрова (дзюдо, -52 кг), Улуғбек Рашитов (таэквондо WT, -68 кг), Разамбек Жамалов (эркин кураш, -74 кг), Ҳасанбой Дўсматов (бокс, -51 кг), Абдумалик Халоков (бокс, -57 кг), Асадхўжа Мўйдинхўжаев (бокс, -71 кг), Лазизбек Муллажонов (бокс, -80 кг), Баҳодир Жалолов (бокс, +92 кг) олтин медални қўлга киритди. Акбар Жўраев (оғир атлетика, -102 кг), Светлана Осипова (таэквондо WT, +67 кг) кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, Музаффарбек Тўрабоев (дзюдо, -100 кг), Алишер Юсупов (дзюдо, +100 кг) ва Ғуломжон Абдуллаев (эркин кураш, -57 кг) бронза медалига сазовор бўлди.
ХХХIII ёзги Олимпия ўйинларининг энг муҳим воқеалари юртимиз спорт ихлосмандлари учун дзюдо, таэквондо ва бокс мусобақаларида кузатилди. Ҳамюртимиз Диёра Келдиёрова олтин медални қўлга киритиб, дзюдо спорти тарихида янги саҳифа очгани, таэквондо WT бўйича аёллар ўртасида Светлана Осипова кумуш медалга сазовор бўлиши, Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, таэквондочимиз Улуғбек Рашитов фаолиятида иккинчи маротаба Олимпиада чемпионлиги шоҳсупасига кўтарилиши мамлакатимиз спортининг янги зарварағи битилишини таъминлади.
Халқимизнинг чексиз ифтихорига сабаб бўлган, барчамизни Ватан шаъни йўлида жипслаштирган “Париж – 2024” Олимпия ўйинларининг ғолиблик тантаналари Миллий олимпия қўмитасида якунланган бўлса-да, унинг шукуҳи, ҳарорати, ғолиблик шамоли энди спортчиларимиз истиқомат қилаётган ҳудудларда, маҳалла ва хонадонларда давом этади.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА мухбирлари