Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида, 8 август куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ва Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти (ҚСТИ) ўртасида Ўзбекистон-Қозоғистон экспертлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида Меморандум имзоланди.

Икки давлат раҳбарлари иштирокида ҳужжатни СМТИ директори Элдор Арипов ва ҚСТИ раҳбари Эркин Тукумов имзолади.

Бу кенгашнинг мақсади Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга йўналтирилган янги ғояларни муҳокама қилиш ва таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, тегишли эксперт ва мутахассисларни жалб этиш орқали мамлакатлар ўртасидаги эксперт мулоқотига мунтазам ва мазмунли тус беришдир.

Мазкур механизм доирасида икки давлатнинг савдо-иқтисодий, саноат, технологик ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда мавжуд салоҳиятни юзага чиқаришга алоҳида эътибор қаратилади.

ЎзА