Япония Бош вазири Фумио Кисида мамлакатда юз берган кучли зилзила туфайли Марказий Осиё ва Мўғулистонга сафарини бекор қилганини маълум қилди. Бу ҳақда “Kyudo News” агентлиги хабар берди.
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида «Марказий Осиё + Япония» форматида саммит ўтиши кутилаётган эди. Муҳим учрашувга минтақа етакчилари келиб бўлишган. Кисида саммитда онлайн форматда қатнашади.
Манбада айтилишича, ҳозирда мамлакатда зилзила хавфи максимал даражага етган. Таҳлилчилар Япония жануби ҳамда ғарбий соҳиллари бўйлаб йирик силкинишлар бўлиши мумкинлиги, цунами юзага келиши хавфидан огоҳлантирган.
Мамлакатга яқинлашиб келаётган фавқулодда ҳолат эса Бош вазир Фумио Кисидани Марказий Осиёга ташрифни бекор қилишга сабаб бўлди. Ҳозир мамлакат расмийлари сафарни бекор қилиш ва унда муҳокама қилинадиган мавзуларни онлайн форматга ўтказиш устида иш олиб бораётгани қайд этилди.
Фумио Кисида олдиндан эълон қилинган режа асосида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Мўғулистонга 9-12 август кунлари давлат ташрифлари амалга ошириши керак эди. Ушбу ташрифларда савдо-иқтисодий ҳамда бир қатор ўзаро икки томонлама ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилиши белгиланган.
Япония метеорология агентлиги 8-август куни кучли зилзилалар юзага келиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган. Аҳоли уйларини тарк этмасликка ва вилоятлар бўйлаб сафарга чиқмасликка чақирилган.
Эслатиб ўтамиз, 8 август куни Япония жанубидаги Кюсю ва Сикоку оролларида иккита 7 балли зилзила кузатилган эди.