Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторлари – 30 дан opтиқ мустақил манбалар асосида 213 мамлакатда давлат бошқаруви сифати ва самарадорлигини глобал даражада ўрганишга доир 6 та мустақил индикатордан ташкил топган.

Бошқарув сифати индикаторлари Ўзбекистонда халқаро рейтинг ва индексларнинг устувор соҳаларидан бири этиб белгиланган.

Жаҳон одил судлов лойиҳаси ташкилоти вакиллари билан «Ўзбекистон Бошқарув сифати индикаторларида» мавзусида ўтказилган онлайн семинарда шу ҳақда гап борди.

Адлия вазирлигида давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирда Жаҳон банкининг бош иқтисодчиси Аарт Край ва Жаҳон банки Марказий Осиёдаги ваколатхонаси масъул ходими Н.Татибекова иштирок этди.

Адлия вазири ўринбосари М.Икромов Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Жаҳон банкининг бош иқтисодчиси Бошқарув сифати индикаторлари муаллифи Аарт Край индикаторларни шакллантириш услубиёти, маълумотларни тўплаш ва уларнинг ишончилигини тасдиқлаш жараёнлари бўйича батафсил маълумот берди.

Тадбирда иштирок этган тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари бошқарув сифати индикаторларини шакллантириш борасидаги ўз саволларини индикаторларининг муаллифига тўғридан-тўғри йўллаш имкониятига эга бўлди.

Тадбир давомида Адлия вазирлиги масъул ходимлари томонидан мамлакатда бошқарув сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида тақдимот қилинди.

Жаҳон банки вакиллари томонидан мазкур учрашувнинг аҳамияти юқори баҳоланди ҳамда келгусида самарали ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Н.Абдураимова, ЎзА