Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида Швейцария ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги томонидан амалга оширилаётган Ўзбекистон сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда олис ҳудудлар аҳолисини давлат ижтимоий буюртмаси асосида ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди ва бу борадаги навбатдаги лойиҳалар тақдимоти қилинди.

Шунингдек, ўтган йилларда давлат ижтимоий буюртмалари ва уларни амалга оширишда юзага келаётган муаммолар, уларни ҳал этиш йўллари, ушбу жараён иштирокчилари салоҳиятини ошириш бўйича аниқ таклифлар муҳокама этилди.

Хусусан, давлат ижтимоий буюртмалари асосида ташкил этиладиган ичимлик суви таъминоти ташкилотлари ходимлари малакасини ошириш, уларнинг истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишини таъминлаш мақсадида ўқитиш дастурларини ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.

Эътироф этилдики, бу борадаги ўзаро ҳамкорлик мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш соҳасида янги қадамлардан бири бўлади. Музокаралар давомида икки томон ҳам барча имкониятларни ишга солишларини билдирди.

Ш.Маматуропова, ЎзА