АОКАда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимова иштирокида бўлиб ўтган брифингда “Soliq” мобиль иловасида тадбиркорлар учун “Солиқ бизнес” хизмати ишга туширилгани маълум қилинди.
Мазкур мобиль илова Ўзбекистон аҳолиси орасида энг оммабоп иловага айланди. Бугунги кунда илова фойдаланувчилари сони 7,5 миллион нафардан ортди. Бир кунда 800 минг мартадан ортиқ фойдаланилмоқда.
Кешбэк, ижара шартномаларини ҳисобга қўйиш, солиқларни тўлаш ва ўзини ўзи банд қилиш каби хизматлар энг оммабоп хизматлар бўлиб қолмоқда. Ўтган йилда илова орқали 134 миллиард сўмдан ортиқ солиқ тўланган бўлса, жорий йилнинг 7 ойида қарийб 191,5 миллиард сўм солиқ тўланди.
Жисмоний шахслар мобиль илова орқали тўланган солиқни қайтариш учун ариза беришлари мумкин. Ушбу хизмат ишга туширилгандан бери, яъни 2023 йил декабрь ойидан бугунги кунгача 90 мингдан ортиқ ариза келиб тушган.
Жорий йилда солиқ органлари билан қайта алоқа тизими ишга туширилди. Мазкур тизим орқали соҳага оид саволларни 24/7 режимида юбориш мумкин. Тизим soliq.uz веб-сайти ва “Soliq” мобиль иловасига жойлаштирилган. 1 август ҳолатига сайт орқали 2,5 мингга яқин, иловадан қарийб 21 минг хабар келиб тушган.
Солиқ қўмитаси солиқ тўловчилар учун сунъий интеллект базасида яратилган “Davr-On” виртуал ёрдамчисини ишга туширди, у ҳам солиқ тўловчиларга 24/7 режимида солиқ ва солиққа тортиш масалаларида маълумотлар ҳамда персонал маслаҳатлар беради. “Davr-On” билан илова орқали ҳам мулоқот қилиш мумкин.
Яқин вақтгача мобиль илова орқали фақат жисмоний шахсларга хизмат кўрсатилар эди. Жорий йил 1 августда илованинг янги 2.0. версияси ишга туширилди. Унда юридик шахслар шахсий кабинетининг мобиль версияси – “Soliq biznes” қўшилди. Бу 20 август – Тадбиркорлар кунига ажойиб туҳфа бўлди. Хизматдан корхона раҳбари ва бош ҳисобчи фойдаланиши мумкин. Бунинг учун улардан Face ID орқали рўйхатдан ўтиш талаб этилади холос.
Бунда тадбиркорлар реал вақт режимида барқарорлик рейтингидаги ўрни, корхона ҳақидаги маълумотлар, хусусан, “ДСБ маъмурчилиги” ҳамда “Маҳаллабай” тизимидаги мезонлар асосида солиқ мажбуриятларининг бажарилган ёки бажарилмаганлик ҳолати ва уларни бартараф этиш бўйича тавсияларни кўриб туради.
Шунингдек, банк ҳисобрақамларининг тўхтатилган ёки тўхтатилмагани, юборилган ва келиб тушган электрон ҳисобварақ-фактура, электрон ишончнома ва электрон шартномаларнинг ҳар бир ҳолатини билиш мумкин.
Шахсий кабинетга юборилган талабнома ва бошқа ёзишмаларнинг алоҳида бўлимда жойлаштирилиши тадбиркорлар учун яна бир қулайлик бўлди. Бу ердан солиқ органига мурожаат юбориш имконияти ҳам яратилган.
Бизнес жараёнларини ва ҳисобчилар фаолиятини корхона раҳбари билан бир пайтда таъсисчилар, бизнес ҳамкорлар ва бошқа ишончли шахслар ҳам кузатиб бориши мумкин. Бунинг учун корхона раҳбари кузатувчи режимини фаоллаштириши кифоя.
“Soliq biznes” хизмати бириктирилган солиқ инспектори билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишга имкон беради. Бунда кўрсатилган хизматга салбий ёки ижобий баҳо бериш мумкин.
Шунингдек, илованинг янгиланган версиясида электрон товар транспорт юк хатларини шакллантириш ҳам соддалашди. Энг асосийси, энди ҳайдовчилардан товар транспорт юк хатини тасдиқлаш талаб этилмайди.
Жисмоний шахслар учун ҳам бир қатор қулайликлар яратилди. Солиқ органлари ва тегишли идоралар маълумотлар базаларининг интеграциялашуви ҳисобига энди фойдаланувчиларнинг паспорт ёки ID карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси, таълим тўғрисидаги маълумотлари ва пенсия жамғармаси маблағлари ҳам иловада кўринади.
Юридик шахслар учун мўлжалланган мобиль кабинет ҳисобчи ва корхона раҳбарлари учун қўшимча қулайликлар яратиб, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида, хато ва камчиликларсиз бажаришга хизмат қилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА