Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қозоғистон Республикасида бўлиб турибди.
Остона шаҳридаги Оқўрда қароргоҳида 8 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари янгради. Икки мамлакат етакчилари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ушбу давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга экани, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилганини таъкидлади.
Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми икки баробар, қўшма корхоналар сони беш баробар кўпайди, юк ташиш ҳажми ортмоқда, йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ёшлар сиёсати ва ахборот майдонини шакллантириш соҳасида яқин ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Бу йўналишда комплекс ҳамкорлик дастурини тайёрлашга келишиб олинди.
Икки мамлакат парламентлари палаталари иштирокида Парламентлараро форум ташкил этилиши қўллаб-қувватланди.
Товар айирбошлаш ҳажмини, энг аввало, ўзаро бозорларни шакллантириш ва учинчи мамлакатлардан импортнинг ўрнини босиш ҳисобига янада оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу маънода, ҳукуматларга ой якунига қадар товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиш топширилди.
Саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида жорий саммитга қадар умумий қиймати 7 миллиард долларлик янги битим ва шартномалар портфели ишлаб чиқилди.
Улар орасида энергетика, транспорт ва логистика, металлургия, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги лойиҳалар бор.
Сирдарё вилоятида Халқаро саноат кооперацияси маркази қурилишини жадаллаштириш ва у ерда корхоналарни жойлаштиришга келишиб олинди.
Йирик лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш масаласи ўрганилади.
Транзит юк ташиш учун қулай шароитларни таъминлаш, қўшма логистика мажмуаларини қуриш, икки мамлакат ўртасида автомобиль ва темир йўл йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбарлари томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Шундан сўнг Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев раислигида Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Қозоғистон раҳбари ва халқига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда бу кун Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлиги тарихида алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
– Бугун биз Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказмоқдамиз. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожида тарихий воқеа ҳисобланади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари юқори суръатда ривожлангани алоҳида қайд этилди.
Ташриф доирасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, бизнес форуми, сиёсий маслаҳатлашувлар, таҳлилий марказлар форуми, интеллектуал ўйинлар муваффақиятли ўтказилди. Кино кунлари, кўргазмалар, концертлар ва бошқа кўплаб тадбирлар давом этмоқда.
Икки мамлакат раҳбарлари 2024-2034 йилларга мўлжалланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури қабул қилинганини мамнуният билан қайд этдилар. Бу дастур Ўзбекистон – Қозоғистон дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларида янги сифат босқичи бошланганини англатади.
Мажлис давомида давлатимиз раҳбари бир қатор устувор вазифаларни кўрсатиб ўтди.
Аввало, халқаро тузилмалар доирасида позицияларни мувофиқлаштириш ва умумий манфаатларни самарали илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Мулоқотлар натижадорлигини ошириш, Парламентлараро форумни таъсис этиш, Экспертлар кенгашининг қизғин ишини давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 10 миллиард долларга етказиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Шу мақсадда ой охиригача алоҳида дастур қабул қилинади. Бунда бозорларни ўзаро шакллантириш, мавжуд чекловларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Мамлакатимиз етакчиси саноат кооперациясининг янги стратегиясини қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.
Томонлар кеча бўлиб ўтган бизнес форуми ва ишбилармонлик учрашувлари якунлари бўйича 7 миллиард долларлик салмоқли келишувлар имзоланганини ижобий баҳоладилар.
Гап энергетика, логистика, қурилиш, кимё, электротехника, тўқимачилик, агросаноат ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳақида бормоқда.
Халқаро саноат кооперацияси марказини ишга туширишни жадаллаштириш ва истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун қўшма жамғарма ташкил этиш масаласини ўрганишга келишиб олинди.
Иқтисодий ҳамкорликнинг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган ҳудудлар ўртасидаги алоқалар стратегик шерикликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Форумни барча вилоятлар ва марказий шаҳарларни қамраб олган ҳолда Ҳудудлар кенгашига айлантириш ва унинг биринчи йиғилишини кузда Самарқандда ўтказишга қарор қилинди. Ҳукуматларга аниқ келишувларга эришиш учун ҳудудларга ўзаро ташрифлар жадвалини тасдиқлаш топширилди.
Энергетика қувватлари ва инфратузилмасини қуриш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлик билдирилди. Йирик минтақавий лойиҳаларни, энг аввало, Қамбарота ГЭС қурилишини тайёрлаш ишлари жадаллаштирилади.
Транспорт ва транзит соҳасида ишбилармон доираларни жалб этган ҳолда икки мамлакат ўртасида янги транспорт йўлакларини қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олинди. Бундан ташқари, замонавий логистика инфратузилмасини яратиш ишларини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақада сувдан фойдаланиш масалаларига ягона ёндашув мавжудлиги қайд этилди. Ишончли ҳуқуқий базани шакллантириш, сув хўжалиги объектларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш ишлари давом эттирилади.
Маданият, таълим, ёшлар ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
– Шу кунларда Остонада Ўзбек киноси кунлари, кўргазмалар, фестиваллар, концертлар ўтказилмоқда. «Заковат» интеллектуал ўйини муваффақиятли ўтди. Бундай тадбирлар ёшларимизни янада яқинлаштиради, уларни умумий тарихимиз ва қадриятларимиз билан яқиндан таништиради, – деди давлатимиз раҳбари.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича 2024-2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ҳам бунга хизмат қилади.
Томонлар Марказий Осиёда интеграция ва ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканликларини тасдиқлади. Таъкидланганидек, Маслаҳат учрашуви минтақа олдида турган вазифаларни биргаликда ҳал этиш ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган минтақавий кун тартибини ишлаб чиқишнинг самарали механизмига айланди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа тузилмалар доирасида яқин ва очиқ мулоқотни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тоқаевни Давлатлараро олий кенгашнинг иккинчи мажлисини ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
Ташриф дастури доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Қозоғистон Республикасининг «Олтин Қирон» (“Олтин бургут”) ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Қардош мамлакатнинг олий давлат мукофотини Ўзбекистон етакчисига Президент Қосим-Жомарт Тоқаев тантанали равишда топширди.
Давлатимиз раҳбари кўп миллатли Ўзбекистон халқи номидан самимий миннатдорлик билдириб, бундай юксак мукофот икки халқнинг кўп асрлик чинакам дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга берилган баҳо, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатларини янги тарихий босқич – стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига олиб чиқиш сари муштарак интилишларнинг эътирофи эканини таъкидлади.
«Олтин Қирон» олий ордени билан давлат арбоблари Қозоғистон билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун тақдирланади.
Икки томонлама музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Олмаота шаҳрида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Чирчиқ шаҳрида М.Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетининг филиалларини тантанали равишда очдилар.
Ўзбек ва қозоқ олийгоҳлари филиалларининг ўзаро очилиши икки қардош мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг жадал ривожланаётганидан яна бир далолат бўлди.
Мазкур таълим муассасаларида талаб юқори бўлган техник йўналишлар бўйича малакали кадрлар тайёрланади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари «Сиань – Хорғос – Олмаота –Сариёғоч – Тошкент» йўналиши бўйича биринчи юк поездининг етиб келишига бағишланган маросимда ҳам иштирок этдилар.
Юк поезди Сиань шаҳридаги Қозоғистон – Хитой терминалидан «Хорғос» қуруқ портига йўл олди. У ерда контейнерлар қайта ортилди ва Қозоғистон темир йўллари бўйлаб «Сариёғоч» станцияси орқали сўнгги манзилга – «Тошкент» станциясига жўнатилди.
Ушбу йўналиш юк ташиш вақтини қисқартириб, савдо ҳажмини оширишга кучли туртки беради.
Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Қўшма баёнот ҳамда Давлатлараро олий кенгашнинг 2024-2034 йилларда стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастурини тасдиқлаш ва Ташқи ишлар вазирлари кенгашини тузиш тўғрисидаги қарорларини имзоладилар.
Ташриф доирасида икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини қамраб олган ҳужжатлар тўплами қабул қилинди. Булар, жумладан:
– Давлат чегараси режими тўғрисидаги ҳукуматлараро битим;
– Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари ва халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимларга қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомалар;
– 2024-2025 йилларда маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро тадбирлар режаси;
– Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Иқтисодиёт вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
– Табиий монополияларни тартибга солиш ва рақобат сиёсати соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги баённомалар;
– Ўзбекистон – Қозоғистон Экспертлар кенгашини таъсис этиш тўғрисида меморандум;
– Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва дўстлик алоқалари қўмитаси ва Қозоғистон Республикаси Отандастар жамғармаси ўртасида ўзаро англашув тўғрисида битим;
– 2024-2026 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Остона шаҳар ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев бўлиб ўтган музокаралар якунларига изоҳ бердилар.
Ўзбекистон раҳбари биргаликдаги тизимли ва амалий саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигини иттифоқчилик муносабатларидек энг юқори босқичга олиб чиқишга эришилганини катта мамнуният билан қайд этди.
– Биз кўп қиррали муносабатларимизда янги саҳифа очдик – Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказдик. Ушбу формат давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражаси ифодаси бўлиб, мамлакатларимиз ва халқларимизнинг яқин алоқалари, уларнинг барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қатъий интилишини яққол намоён этади.
Музокаралар чоғида парламентларнинг икки палатаси иштирокида Парламентлараро форум ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Ҳамкорликнинг яна бир янги шакли – Ташқи ишлар вазирлари кенгашини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Қўшма баёнот имзоланди ҳамда ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 2024-2034 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури қабул қилинди.
Музокараларда ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Етакчилар икки мамлакатнинг барча вилоятларини жалб қилган ҳолда Ҳудудлараро ҳамкорлик форумини Ҳудудлар раҳбарлари кенгашига айлантириш ташаббусини илгари сурдилар.
Ой якунига қадар товар айирбошлаш ҳажмини кескин оширишга қаратилган комплекс дастур қабул қилинади. Томонлар, шунингдек, янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун Халқаро саноат кооперацияси маркази қурилишини тезлаштиришга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, устувор йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон – Қозоғистон инвестиция фондини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилади.
Музокаралар кун тартибидан транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳим ўрин эгаллади. Юк ташиш ҳажмини ошириш учун максимал даражада қулай шарт-шароитларни яратиш, автомобиль ва темир йўлларни қуриш ва модернизация қилишни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Яна бир стратегик йўналиш – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш. Икки мамлакат ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва етказиб бериш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Сувдан фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масалаларида яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Маданият, ёшлар, туризм, фан, таълим ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар минтақавий ва халқаро платформалар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ, МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, «Марказий Осиё плюс» форматлари доирасидаги ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттирадилар.
9 август куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви иқтисодий интеграция ва бутун минтақанинг жадал ривожланишига кучли суръат бағишлаши алоҳида таъкидланди.
Якунда Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи якунлари ва эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Остона шаҳрида ўзбек халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини тантанали равишда очдилар.
Давлатимиз раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатиш ташаббуси учун самимий миннатдорлик билдириб, Қозоғистон пойтахти марказида муҳташам ёдгорлик бунёд этилгани қозоқ халқининг қардош Ўзбекистонга бўлган чуқур ҳурматининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади.
– Буюк файласуф ва инсонпарвар шоир Алишер Навоийнинг ижодий мероси нафақат ўзбек халқига, балки бутун дунёга тегишли ноёб бойликдир. Навоий асарлари XVI асрдаёқ итальян ва немис тилларига таржима қилинган бўлса, бугунги кунда дунёнинг деярли барча тилларида янграмоқда. Асрлар давомида ҳаётнинг ўзига хос энциклопедияси бўлган унинг ижоди миллионлаб инсонларни ҳайратга солиб, руҳлантириб келмоқда, – деди Ўзбекистон Президенти.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг улкан хизмати шундаки, у ўзбек адабиётининг ва ўзбек адабий тилининг асосчисидир.
Ҳайкали Тошкентнинг марказий майдонларидан бирини безаб турган қозоқ халқининг буюк фарзанди, қозоқ адабиётининг мумтоз намояндаси Абай Қўнонбоев Шарқнинг бошқа буюк шоирлари қатори Алишер Навоийни ҳам ўзининг устози деб билган.
Навоий ва Абай ижоди абадият, дўстлик, муҳаббат ва садоқат шеъриятидир. Уларнинг фалсафий қарашлари миллатнинг маънавий юксалишида бебаҳо манба ҳисобланади.
2020 йилда марҳум қозоқ шоири Несипбек Айтули Алишер Навоийнинг энг муҳим асари – «Хамса»ни қозоқ тилига таржима қилиб, нашр этди ва ушбу китобга сўзбоши шахсан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев томонидан ёзилди.
– Ишончим комилки, Алишер Навоий ҳайкали икки халқ ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарининг яна бир ёрқин рамзига айланади, унинг мероси эса яна кўплаб авлодларни буюк ютуқларга илҳомлантиради, – деди сўзининг якунида Ўзбекистон Президенти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрига ташрифи доирасида Марказий Осиё ва Озарбайжон санъат усталарининг «Дўстлик кечаси» тантанали концертида иштирок этди.
Тадбирда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, саммитнинг фахрий меҳмони Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам қатнашди.
Фольклор-этнографик ансамбллар ва эстрада санъаткорларининг ранг-баранг чиқишлари, миллий қўшиқ ва рақслар халқларимизнинг муштараклиги ва маданий яқинлигини яққол намоён этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.
ЎзА