Оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ғолиби, катталар ўртасидаги мамлакат биринчилигида кумуш медалга эга чиққан Сардор Лапасов Бутунжаҳон антидопинг кодексининг тегишли моддасида кўрсатилган антидопинг қоидабузарлигини содир этгани туфайли 4 йил муддатга спорт мусобақаларидан дисквалификация қилинди.

Ўзбекистон миллий антидопинг агентлиги ахборот хизмати хабарига кўра, спортчидан мусобақа даврида олинган допинг синамасида спортда тақиқланган «Кленбутерол» моддаси борлиги аниқланган.

Айтиш лозимки, дисквалификация жазо муддатини ўтаётган спортчи, мураббий ёки мутахассис ушбу муддат тугаганга қадар халқаро ва миллий тоифадаги мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиши тақиқланади.

Мазкур талаблар бажарилмаган тақдирда спортчига умрбод дисквалификация муддати қўлланилиши мумкин. Кодексда спорт федерацияси ёки ассоциациясига нисбатан ҳам жазо чораси қўллаш мумкинлиги белгиланган.

Т.Рўзиев, ЎзА