Газета ва журналларга обуна бўлувчилар учун 10 ва 20 фоизгача “Cashback” қайтарадиган “Obuna” электрон платформаси ишга туширилди.

Хўш, ушбу онлайн обунанинг афзал томонлари нимада? Обуначиларга газеталар қандай етказиб берилади? “Cashback”лар таҳририят ҳисобидан қайтариладими?

Ушбу саволларга Рақамли технологиялар вазирлиги Почта алоқаси бўлими бошлиғи Мирза Матёқубов қуйидагича жавоб берди:

—Юртимизда чоп этилаётган босма оммавий ахборот воситаларини оммалаштириш, ёшларнинг газета ва журналларга бўлган қизиқишларини кучайтириш ҳамда муштарийлар сонини кўпайтириш мақсадида ушбу онлайн платформа ишга туширилди. Хабарингиз бор, илгари битта газета ёки журналга обуна бўлиш учун Почта алоқа бўлими ёки матбуот дўконларига бориларди. Обуна бланкаларини тўлдириш, кассага пул тўлаш учун обуначининг анчагина вақти кетарди. Одамларнинг вақтини тежаш мақсадида электрон платформа ташкил этилди. Эндиликда газетхонлар уйидан чиқмасдан компьютер ёки мобиль илова орқали кириб, обунани ташкил этиши мумкин.

Электрон обунанинг қулайлик жиҳати шундаки, унга пластик карточка орқали тўлов амалга оширилади. Маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий ва бошқа оммабоп газета-журналга обуна амалга оширилганда, обуна суммасининг 10 фоизи миқдорида, болалар учун мўлжалланган газета ва журналларга обуна амалга оширилса, 20 фоиз миқдорида “Cashback” қайтарилиши кўзда тутилган.

Бу “Cashback” таҳририятларга ҳеч қандай таъсирини кўрсатмайди. Таҳририятлар ўзининг обуна суммасини олади. “Cashback” суммасини  бюджетдан қайтариш кўзда тутилмоқда. Реклама тарзида чиқадиган даврий босма нашрлар бундан мустасно.

Айрим муштарийларда онлайн обунада газеталарнинг электрон нусхаси етказиб бериладими, деган савол туғилиши табиий. Бундай қараш мутлақо нотўғри. Муштарийлар онлайн обуна бўлганидан сўнг, газета ва журналлар почта ёки етказиб берувчилар хизмати орқали кўрсатилган манзилга босма шаклда етказиб берилади. Газетхонлар обуна платформасига www.e-obuna.uz ҳаволаси орқали кириб, юртимизда нашр этиладиган газета ва журналларга обуна бўлишлари мумкин.

ЎзА мухбири

Нигора Раҳмонова тайёрлади.