Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 3 миллион нафарга яқин 3−7 ёшли бола бор. Уларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 74 фоизни ташкил қилади. Бу кўрсаткични 2026 йилгача 80 фоизга, 2030 йилга бориб, 100 фоизга етказиш режа қилинган.
Бугунги кунда мактабгача таълим билан қамраб олинган 2 миллион нафардан ортиқ боланинг 712 минг нафари (31,2 фоиз) оилавий боғчаларда тарбияланмоқда. Аммо бу масканларнинг айримларида яратилган шароитлар, таълим-тарбия жараёнларининг давлат ўқув дастурлари асосида ташкил этилиши, соғлом ва хавфсиз овқатлантириш каби масалалар барча боғчаларда ҳам кўнгилдагидек эмас.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида оилавий ва ДХШ асосидаги боғчаларга бериладиган субсидиялар, янги ўқув йилида 1-синфга қабул жараёнлари, мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ва педагогларини узлуксиз касбий ривожлантириш, “Устозлар миллий форуми”ни ўтказиш масалаларига бағишланган “Вазир соати” ўтказилди.
Мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг август-декабрь ойларида Жаҳон банки лойиҳаси доирасида 4 босқичда семинарлар ташкил этилиб, хорижий мутахассислар томонидан энг сара методистлар мастер-тренер сифатида тайёрланади. Бу ўқув жараёнлари ҳудуд ва туманларда каскад усулида давом эттирилади. Натижада 7 минг нафар методист ва 78 минг нафар тарбиячининг малакаси оширилади.
Шунингдек, йиғилишда 2024-2025-ўқув йилида 1-синфга 719 минг нафардан ортиқ ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилгани, шу кунга қадар 603 минг нафардан ортиқ ариза қабул қилингани ва бу жараён давом этаётгани таъкидланди. 1-синфга қабул қилинган ҳар бир ўқувчи вазирликнинг adm.maktab.uz платформасига киритилмоқда.
Соҳа вакилларининг айтишича, жорий йил 15-16-август кунлари “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” шиори остида “Устозлар миллий форуми”нинг республика босқичи ўтказилади. Унда ҳудудлардан 400 нафар илғор, ташаббускор, етакчи ўқитувчи ва тарбиячи жалб этилади. Ушбу форум тадбирлари каскад усулида давом эттирилиб, 19-20-август кунлари вилоят, 23-24-август кунлари туман (шаҳар), 27-30-август кунлари барча мактабларда ташкил этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА