Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассисларидан иборат делегация Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тизимидаги Давлат экологик экспертизаси марказига ташриф буюрди.

Ташриф давомида Давлат экологик экспертизаси маркази томонидан атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш жараёнида рақамли технологияларни қўллаш амалиёти намойиш этилди. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш ва халқаро тажрибаларни миллий қонунчиликка интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, экологик жараёнларда хорижий амалиёт ва инновацион ёндашувларни татбиқ қилиш тажрибаси ўрганилди. Мулоқотда экологик жараёнларда жамоатчиликнинг иштирокини ошириш ва уларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилди.

Шу билан бирга, экологик мониторинг тизимини ривожлантириш, эко-туризмни қўллаб-қувватлаш ва унинг инфратузилмасини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни кенгайтириш ва қўлланиладиган технологиялар бўйича тақдимот намойиш этилди.

Ташриф давомида келгусида экологик соҳада тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Таъкидлаш жоизки, Тожикистон делегациясининг ташрифи Ўзбекистоннинг экологик экспертиза борасидаги тажрибасини ўрганиш мақсадида амалга оширилмоқда. Бу ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА