Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигида ички ишлар органларида профессионал ҳамда бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш вазифаларига қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Мустақиллик байрами ҳамда режалаштирилаётган муҳим сиёсий тадбир жараёнида криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш тизими замон талабларига мос равишда шакллангани қайд этилди.
Тизимнинг асосий соҳавий хизматлари ҳисобланган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тезкор қидирув, эксперт – криминалистика, жазони ижро этиш, пробация, ташкилий штаб фаолияти бўйича мутахассисларни тайёрлаш учун имконият яратилди.
2021 йил 15 апрелдаги “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорибилан ички ишлар органлари учун раҳбар кадрларни тайёрлаш бўйича илк бор икки босқичли магистратура («Ташкилий-стратегик бошқарув» ва «Ташкилий-тактик бошқарув») жорий этилди.
Бунда, келажак раҳбарларни интеллектуал билимли ва етук профессионал кадрлар сифатида тайёрлаш мақсадида янгича таълим методлари амалиётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, ўқув машғулотлари модуллар асосида назарий билимларни амалиёт билан боғланган ҳолда ташкил этилмоқда.
Тингловчилар билан сенаторлар, депутатлар, вазирлик соҳавий хизмат раҳбарлари сайёр ўқув машғулотлари ўтказмоқда.
Соҳада илғор давлатларнинг ижобий тажрибаларини ўрганиш мақсадида Қозоғистон, Корея, Россия, Туркия ва Хитой давлатларига хизмат сафарлари уюштирилмоқда.
Энг муҳими, тингловчилар олган билимларини бевосита маҳаллаларга борган ҳолда амалиётда синаб кўришлари учун ҳам барча шароитлар яратилган. Бундан асосий мақсад – ички ишлар органлари учун ҳар томонлама етук, интеллектуал ва профессионал раҳбарларни тайёрлашдир.
Магистратура ташкил этилганидан буён уни тамомлаган 243 нафар тингловчининг аксарияти бугунги кунда раҳбарлик лавозимларида муносиб хизмат қилмоқда.
Имтиҳон ва синовлар жараёнида хизмат фаолиятига номуносиб топилган 18 нафар ходим ишдан бўшатилди.
Бу йил ҳам анъанага кўра магистратурани 73 нафар тингловчи битирди. Ўқиш жараёнида 2 нафар тингловчи ўқув машғулотларини яхши ўзлаштирмаганлиги учун ўқишдан четлатилган. Ўз навбатида, магистратурадаги ўқиш вақтида ижобий натижаларига эришган 2 нафар тингловчи муддатидан аввал раҳбарлик лавозимига тайинлаган.
Йиғилишда ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан вазирликнинг соҳавий хизматлари, ҳудудий ҳамда туман-шаҳар ички ишлар органлари бўлинмалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига раҳбарлар тайинланди.
Тадбирда байрамни юқори савияда ўтказиш учун энг зарур бўлган осойишталикни сақлашган қаратилган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Кўриб чиқилган масалалар ҳамда аниқланган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, келгусида хизмат фаолиятини такомиллаштиришга оид мақсадли чора-тадбирлар белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА