Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда парламент назоратига оид масалалар кўриб чиқилди.
Мажлисда «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси билан аҳолига ва телекоммуникация соҳасида фаолият юритувчи субъектларга бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Қонун лойиҳаси телекоммуникациялар бозорини янада ривожлантириш орқали хизматлар ҳажми ва сифати ошиши, соҳада фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари сони кўпайишига хизмат қилади.
Шунингдек, мажлисда “Экологик экспертиза ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, мазкур қонун лойиҳаси билан экологик экспертиза фаолиятида қўлланиладиган янги йўналиш – экологик нормативлар лойиҳаларини давлат экологик экспертизасидан, стратегик режалаштириш лойиҳаларини стратегик экологик баҳолашдан ўтказиш масалалари аниқ белгиланмоқда. Шу билан бирга, давлат экологик экспертизасини ўтказиш тартиби, давлат ва жамоат экологик экспертизасини ўтказишда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Бундан ташқари, мажлисда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаевнинг «2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.
Вазирнинг маълум қилишича, бандлик дастури доирасида ташкил этилган иш ўринлари ва банд бўлган аҳолини онлайн режимда кузатиб бориш мақсадида «янги иш.меҳнат.уз» электрон платформаси ишга туширилди. Ушбу электрон платформа орқали жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларда 2 млн. 900 минг аҳолининг бандлиги таъминланган. 2024 йилнинг январь-июнь ойларида 8 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган буюртмаларга асосан 55 ярим мингдан зиёд банд бўлмаган аҳоли ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган.
Жорий олти ойда 16,2 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган дастурга асосан 11 минг 800 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашилган.
Мажлис якунида кўриб чиқилган барча масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА