АОКАда ташкил этилган брифингда “Uzbekistan Airways” АЖ ахборот хизмати раҳбари Дилором Каимбаева соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.

Мутахассисга кўра, Мустақиллик байрами муносабати билан жорий йил 31 августдан 3 сентябргача амалга ошириладиган барча маҳаллий авиақатновлар учун авиачипталар тарифларидан 30 фоиз чегирма тақдим этилади. Чегирмали авиачипталарни 6 августдан 3 сентябргача booking.uzairways.com сайти, иловада, “Uzbekistan Airways Sales” филиалида ва авиакомпания агентларидан харид қилиш мумкин. Йўловчи ва юк ташиш тарифларига қўшимча равишда турли солиқлар, йиғимлар ва тўловлар ҳам ўрнатилади. Уларга 30 фоизлик чегирма амал қилмайди.

Қайд этилишича, тақдим этиладиган чегирма миқдори катталар учун тарифдан – 30 фоиз, 2 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун катталар тарифидан 48 фоиз. Юқоридаги чегирмалар 2 ёшгача бўлган болалар учун амал қилмайди.

Авиачипта қайтарилганда, қайта бронлаштирилганда ва қайта расмийлаштирилганда тарифга тақдим этилган чегирма авиачиптани қайтариш/қайта бронлаштириш учун ундириладиган йиғимларга нисбатан қўлланилмайди. Болалар учун белгиланган тартибда (25% чегирма билан) ундирилади. Қисман фойдаланилган авиачипта пулини чегирма тугагандан кейинги кунда қайтармоқчи бўлган йўловчи чегирма амал қилган кунда сотиб олган миқдорда қайтариб олади.

Тўлиқ фойдаланилмаган ёки қисман фойдаланилган авиачипталарни қайта расмийлаштирганда, агар жўнаш саналаридан бири чегирма тугаган вақтдан кейинга тўғри келмаса, тўлиқ тариф даражасига чегирмалар қўлланилмайди. Чегирмаларни бирлаштириш (болаларники бундан мустасно) тақиқланади.

Ушбу чегирмалар фақат “Uzbekistan Airways” АЖнинг авиақатновларига тааллуқли бўлиб, “Uzbekistan Helicopters” ва “Silk Avia” HY1001-1100 авиақатновларида қўлланилмайди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА