Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларини бериш билан боғлиқ айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ:

Минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларни олиб кириш учун рухсатнома олиш тартиби тўғрисидаги низом;

Минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришда кўрикдан ўтказиш, ўрганиш ва таҳлил қилиш тартиби тўғрисидаги низом;

Минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларни муомаладан чиқариш ҳамда йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низомга:

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан махсус электрон тизим орқали расмийлаштириш;

минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг улгуржи ҳамда чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялаш паспортини тасдиқлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритилади.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2024 йил 1 октябрга қадар минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида айланмасини ва бу борадаги халқаро тажрибани таҳлил қилиб, Мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этиладиган ҳамда тажриба лойиҳалари амалга ошириладиган айрим турдаги маҳсулотлар рўйхатига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши белгиланган.

ЎзА