Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бўлажак сайловда иштирок этиш учун сайловчилар имзоларини тўплашга киришди. Мазкур жараён партиянинг 15 мингга яқин бошланғич ташкилотларида, фуқароларнинг иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда уюшқоқлик билан ташкил этиляпти.
Қонунчиликда сиёсий партиялар битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоиз имзосини тўплаши мумкинлиги белгиланган.
Сайловчилар партиянинг ўтган йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда сайловчилар билан очиқ мулоқотларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш йўналишидаги амалий ишларини эътироф этмоқда.
****
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам сайловда қатнашишни қўллаб-қувватлаш бўйича мамлакатимизнинг барча ҳудудларида имзо йиғиш жараёнларини амалга оширмоқда. Жараён Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар кенгашлари, 200 дан ортиқ шаҳар ва туман кенгашлари, 10 мингдан зиёд бошланғич партия ташкилотларида ташкиллаштирилмоқда. Шунингдек, партиянинг 1600 га яқин депутати ҳам фаоллик кўрсатмоқда.
Партия фаоллари томонидан Фарғона вилоятида имзо тўплаш жараёнлари юқори уюшқоқлик билан ўтказилаяпти. Сайловчиларга Ўзбекистон Халқ демократик партияси ғоялари ҳамда бўлажак сиёсий жараёнининг мазмун-моҳияти хусусида тушунчалар берилди.
Имзо йиғиш жараёнлари сайлов қонунчилигига биноан ўтказиляпти. Сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкин.
М.Комилова,
ЎзА