Мамлакатимизда сўнги йилларда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизимида ислоҳотлар амалга оширилиб, фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш ишлари яхшиланиб бормоқда.
Шу қаторда кекса, боқувчисини йўқотган ва меҳнатга лаёқатсиз аҳолига пенсия тайинлаш юзасидан кўрсатилаётган давлат хизматлари соддалашган ҳолда амалга оширилиши йўлга қўйилди.
Яқингача пенсия тайинлаш учун фуқаролар фақатгина доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига ариза билан мурожаат қилишлари керак эди.
Президентимизнинг 2023 йил 31 октябрда қабул қилган “Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан фуқароларга давлат пенсияси тайинлаш юзасидан янги имкониятлар яратилди.
Қарорга асосан 2024 йил 1 январдан бошлаб фуқаро ёки унинг қонуний вакилига яшаш жойидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат хизматлари марказида сўровнома ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали сўровнома тўлдирган ҳолда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Бунинг натижасида фуқароларга пенсия тайинлаш бўйича ўзларига қулай усулда мурожаат қилиш имконияти яратилди.
Бу каби қулайликлар, албатта, аҳолини ҳаётдан рози бўлиб яшашга, давлат бошқарувига ишончнинг ортиб боришига хизмат қилади.
Равшанбек Халилов,
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Чуст туман бўлими
фуқароларга хизмат кўрсатиш шўъбаси бош мутахассиси.