Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ишчиларга ҳисобланган, лекин вақтида тўлаб берилмаган иш ҳақиларини ундириш ҳақидаги суд қарорларини ижро этиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида жами 1 миллиард 49,6 миллион сўмлик иш ҳақи ундириш билан боғлиқ 80 та ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, шундан 985,1 миллион сўмлик 75 та ижро ҳужжатнинг ижроси таъминланишига эришилди. Амалда 284,1 миллион сўм ундирилди.
Масалан, фуқаролик ишлари Нукус туманлараро судининг 2024 йил 26 апрелдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан ундирувчи Б.Х.фойдасига 53 миллион 953 минг 692 сўм иш ҳақи, 6 миллион сўм маънавий зарар, 7 миллион 500 минг сўм вакил ҳамда 33 минг сўм почта ҳаражатлари, жами 67 миллион 486 минг 692 сўм ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Нукус шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушиб, ижро иши қўзғатилган.
Бўлим давлат ижрочиси томонидан дарҳол ижро ҳаракатларига киришилди. Қарздорлик ижро иши қўзғатилган кундан икки кун ўтиб, яъни жорий йилнинг 26 июнь куни тўлиғи билан ундирилиб берилди ва суд қарори ижроси амалда таъминланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири