Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Кичик саноат зоналари ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Махсус иқдисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 13 июндаги ПФ-153-сон Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 4 сентябрдаги ПҚ-292-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, кичик саноат зоналари ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:
кичик саноат зоналари иштирокчилари ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ёш тадбиркорлик субъектларининг инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларининг бажарилишини қабул қилиш механизмлари;
инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажарган кичик саноат зоналари иштирокчилари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ёш тадбиркорлик субъектларига берилган давлат кўчмас мулк объектлари ҳамда ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби;
Давлат активларини бошқариш агентлигига кичик саноат зоналари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида жойлашган давлат мулки объектларини хусусийлаштириш ваколатини бериш.
2024 йил 1 августдан бошлаб кичик саноат зоналари иштирокчилари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ёш тадбиркорлик субъектларининг инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлари бажарилганлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекциялар томонидан мажбуриятларни бажариш муддати тугагандан сўнг уч ой ичида қабул қилинади, амалга ошириш муддати 2024 йил 1 августга қадар тугаган лойиҳалар бундан мустасно.
2024 йил 1 октябрга қадар кичик саноат зоналари иштирокчилари ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ёш тадбиркорлик субъектларининг инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларининг бажарилганлиги ёки бажарилмаганлигини хатловдан ўтказиб, уларнинг ҳисобини юритиш бўйича алоҳида электрон дастур ишга туширилади ва ҳар чоракда ундаги маълумотлар янгилаб борилади.
Тошкент шаҳрида жойлашган кичик саноат зоналари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларнинг бажарилишини қабул қилиш ҳамда давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси тузилади.
Комиссиянинг вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
Тошкент шаҳрида жойлашган кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудидаги ер участкаларини хусусийлаштириш масалаларини шаҳарнинг ишлаб чиқилаётган бош режасига мувофиқлигини ўрганган ҳолда кўриб чиқиш;
кичик саноат зоналари иштирокчилари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ёш тадбиркорлик субъектларининг инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларининг бажарилишини қабул қилиш;
инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажарган иштирокчиларга берилган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги кичик саноат зоналари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудида шаҳарсозлик фаолияти уларнинг бош режасига мувофиқ амалга оширилиши ҳамда ажратилган ер участкаларидан бошқа мақсадларда, шу жумладан, турар жой биноларини қуриш учун фойдаланилмаслиги устидан қатьий назорат ўрнатади.
ЎзА