25-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” ХIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади.

«Шарқ тароналари» Марказий Осиёдаги энг катта фестиваллардан бири саналади. Фестивални ўтказилишидан асосий мақсад миллий мусиқа санъатида эришилган ютуқларни кенг оммага тарғиб этиш, миллатларнинг мусиқий маданияти ва анъаналарини асраш ҳамда ривожлантириш, созандалик ва хонандалик йўналишидаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, халқаро ижодий алоқаларни кенгайтириш, тинчлик, дўстлик ва ўзаро бағрикенглик ғояларини тарғиб қилишдан иборат.

1997 йилда ташкил этилиб, илк маротаба ўтказилган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида 31 та давлатдан мусиқий гуруҳлар ва ижрочилар ташриф буюрган бўлса, 2019 йилда ўтказилган ХII «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида иштирокчи давлатлар сони 75 тага етганди.

2024 йилнинг 25-30 август кунлари ўтказилиши режалаштирилган “Шарқ тароналари” ХIII халқаро мусиқа фестивалида иштирок этиш учун 100 дан зиёд мамлакатларга таклифномалар юборилди.

Ҳозирда фестивалда қатнашиш юзасидан хорижий мамлакатлардан, хусусан, Япония, Индонезия, Польша, Беларусь Республикаси, Озарбайжон, Грузия, Италия ва бошқа бир қатор Шарқий Осиё давлатларидан аризалар кела бошлади.

Ватанимизда ўтказилувчи «Шарқ тароналари» халқаро фестивали наинки Марказий Осиёда, балки жаҳон миқёсидаги машҳур фестиваллар қаторидан жой олиб улгурди. Бунинг ёрқин мисолини йилдан-йилга ушбу фестивалда қатнашиш истагини билдираётган давлатлар сонининг ортаётганида, дастур савиясининг юксалиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.

Н.Усмонова, ЎзА