Футбол бўйича Франция терма жамоаси аъзоси Килиан Мбаппе Мадриднинг “Реал” клубига ўтиши тасдиқланди.
Бугунгача ишқибозлар уни ёзги Олимпия ўйинларида мамлакати жамоаси сафида майдонга тушишига ишонишаётганди. Афсуски, Мбаппе ҳам Мессининг “йўлини танлади” ва ўз ватанида ўтадиган XXXIII ёзги Олимпиадада иштирок эта олмаслигини маълум қилди.
Аниқроғи, Килиан Мбаппе “Реал” клуби мутасаддилари қарорига кўра, “Париж-2024да майдонга тушмайди.
– Ҳозирги клубимнинг Олимпия ўйинларида қатнашиш ёки қатнашмаслигим бўйича муносабати маълум: Олимпиада футбол мусобақасида қатнашмайман, – дейди Килиан Мбаппе. – На чора, бу – ҳақиқат. Янги жамоага ўтганимни яхши англайман. Франциялик футболчиларни мухлис сифатида қўллаб-қувватлайман. Ишонаманки, улар олтин медалларни қўлга киритади.
Эслатиб ўтамиз, ёзги Олимпия ўйинлари 26 июль-11 август кунлари бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА