Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги О.Худойшукуров номидаги маданият марказида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уюшмаган ёшларни касбга ўқитиш, ҳаётда ўз ўрнини топишига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида тадбир ўтказилди.

Ушбу тадбир доирасида маданият саройи биноси олдида Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бўлими фаолияти билан таништириш мақсадида кўргазма ташкил қилинди. Унда ёшлар ватан ҳимоячилари, юрт посбонлари ва тинч юртимизнинг фахри бўлган соҳа ходимларининг фаолияти билан танишди.

Ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил қилинган  “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркасида ёшлар учун корхона ва ташкилотлардаги вакант ўринлар тақдим қилинди. Шу билан бирга ёшларни касб-ҳунарга жалб қилиш мақсадида ҳунармандлар томонидан тайёрланган қўл меҳнати буюмлари ярмаркаси ҳам уюштирилди.

Тадбирнинг асосий қисми туман маданият саройи томошалар залида бўлиб ўтди. Туман ҳокимининг ўринбосари У.Aллаберганов бошқариб борган

ёшлар билан учрашувда Қуролли Кучлар академияси раҳбари ўринбосари, ҳарбий фанлар бўйича фалсафа доктори,  полковник Ф.Умиров, ушбу академия бўлим бошлиғи, подполковник Ж.Қаюмов, туман адлия бўлими бошлиғи М.Нуриддинов ва бошқалар сўзга чиқиб, мавзу юзасидан ўз фикр- мулоҳазаларини билдирди. Ёшларнинг саволларига соҳа масъуллари  жавоб беришди. Тадбирда “Ёшлар дафтари”га киритилган бир гуруҳ ёшларга  тантанали равишда ваучерлар топширилди.

Учрашувдан кейин тадбир иштирокчилари тумандаги 45-сонли умумтаълим мактаби ҳудудида ташкил қилинган ҳунармандлик цехи билан танишди. Ҳунарманд М.Сапаров мактабда бўш турган бинони қайтадан тўлиқ таъмирлаб, ҳунармандлик фаолиятини олиб бораётган экан. Тадбир иштирокчилари ушбу мактабнинг иқтидорли ўқувчиси Ўғилой Aминованинг ютуқлари ҳамда мактабда ташкил қилинган бокс спорт тўгараги фаолияти билан танишдилар.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири