Қатарнинг Доха шаҳри 2036 йилги ёзги Олимпия ўйинларини ўтказишга энг яқин номзод эканлиги борасида Испаниянинг Relevo сайти хабар тарқатди.

Хабарда ёзилишича, Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) 2036 йилги ёзги Олимпия ўйинларини қабул қилиш учун турли давлатлар ўртасидаги “қизғин кураш”ни якунлаш арафасида.

Ўтган ойнинг ўзидаёқ Қатар Олимпия қўмитаси 2036 йилги ўйинларни қабул қилиш аризасини тайёрлаётганини маълум қилганди. ХОҚ президенти Томас Бах 2036 йилги Олимпия ўйинларини қабул қилишга қизиқиш билдираётган Саудия Арабистони, Индонезия, Испания, Чили, Германия ва Ҳиндистон ҳақида тўхталиб, тўрт йиллик ўйинларнинг дунё бўйлаб ҳаракатланишида географик жойлашув аҳамиятли эканлигини таъкидлаган.

Шу жиҳатдан 2024 йилги Олимпия ўйинлари Европада, 2028 йилгиси Америка қитъасида ва 2032 йилги ўйинлар Океания қитъасидаги Брисбен шаҳрида ташкиллаштирилишига изн берилганлигига эътибор қаратилса, Осиё қитъасида жойлашган Доха ҳар жиҳатдан 2036 йилги Олимпиадага мезбонликка муносибдек тасаввур уйғотади.

Аммо Испания нашри тарқатган хабардан холи тарзда айтиш лозимки, бу борада Осиё қитъасининг яна бир давлати Ҳиндистон 2036 йилги Олимпиадага номзод эканлигини инобатга олсак, Олимпия ўйинларини ўтказиш учун “жанг” Қатар ва Ҳиндистон ўртасида кечиши англашилади.

Эслатиб ўтамиз, 2036 йилги ёзги Олимпия ўйинлари қайси давлатда ўтказилиши масаласидаги Халқаро олимпия қўмитаси қарори 2026 йилда бўладиган йиғилишда эълон қилинади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА