Жаҳон футболида “transfermarkt.world” порталининг ўрни катта ва шу боис ҳам Европанинг номдор клублари трансфер сиёсатини шакллантиришда ушбу порталга ишониши барчага маълум.

Трансферларга ихтисослашган ушбу портал экспертлари ҳар бир мамлакат футболини таҳлил қилиб боради. Биз учун аҳамиятлиси, Россия Премьер-лигаси якунлангани муносабати билан “transfermarkt.world” мутахассислари мавсум давомидаги кузатувлар ва таҳлиллар асосида ўз талқинига кўра, чемпионатнинг учта муҳим номинацияси – “Йилнинг энг яхши футболчиси”, Йилнинг энг яхши ёш футболчиси” ва “Йилнинг энг яхши бош мураббийи” йўналишлари бўйича ғолиблар номини эълон қилди.

Унга кўра, Россия Премьер-лигаси ва мамлакат кубогида жами 32 та баҳсда рақиблар дарвозасини беш маротаба ишғол қилиб, жамоадошларига 14 та голли пас узатган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “ЦСКА” клуби вакили Аббосбек Файзуллаев Россия Премьер-лигасининг энг яхши ёш футболчиси дея эътироф этилди.

Аббосбекнинг айни пайтдаги трансфер суммаси 5 миллион еврони ташкил қилмоқда. “ЦСКА” жамоаси 20 ёшли легионеримиз билан 2026 йилнинг ярмига қадар шартнома тузган. Томонлар келишувига кўра, ҳамкорлик яна бир йилга узайтирилиши мумкин.

Шунингдек, “Энг яхши футболчи” номинациясида “Динамо” вакили Константин Тюкавин ғолиб бўлган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал  Аббосбек Файзуллаев “Мавсум кашфиёти” номинацияси бўйича ғолиб сифатида махсус соврин билан тақдирланган эди.

Дарвоқе, умидли футболчимизни «transfermarkt.world» портали экспертлари Россия Премьер-лигасида ўзини кўрсатган 23 нафар энг кучли футболчи қаторига қўшди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА