Япония мудофаа вазири Минору Кихара Шимолий Корея душанба куни навбатдаги жосус йўлдошини учиришга урингани, бироқ парвоз амалга ошмаганини расман эълон қилди.

– Барча маълумотларни таҳлил қилиб, йўлдош учириш ҳаракати муваффақиятсиз кечганини тасдиқлаймиз, – деган вазир Киодо агентлигига.

Корея Халқ Демократик Республикаси 27 май куни махсус қурилмани коинотга йўналтирган, бироқ самога кўтарилган ракета бир неча дақиқадан кейин Сариқ денгиз устида кўздан йўқолган. Шимолий Корея марказий телеграф агентлиги ҳам Пхеньян ҳарбий разведка йўлдоши синовини ўтказганини ёзган. Агентлик парвоз омадсизлигига яқинда ишлаб чиқарилган двигатель билан боғлиқ муаммо сабаб бўлганини қайд этган.

Ўтган йил ноябрь ойида КХДР “Маллигён-1” йўлдошини самога муваффақиятли олиб чиққан эди.