Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари мазкур ўқув юртида ташкил этилган “Мен донорман” акцияси доирасида қон топширишда фаол иштирок этди.
Республика қон қуйиш станцияси автотранспорт воситалари негизида тайёрланган кўчма донорлик мажмуасида санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда ихтиёрий равишда келган профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар дастлаб малакали шифокор кўригидан ўтиб, шундан сўнг белгиланган тартибда қон топширишди. Ушбу махсус автобус барча зарур техника билан жиҳозланган.
– Шу каби хайрия акциясида кўнгилли тарзда иштирок этиб, қон топшириш ишларида фаоллик кўрсатган талаба-ёшлардан жуда мамнун бўлдик, – дейди филиалнинг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Сейткамалов. – Бундай эзгу ишни амалга ошириш орқали кимнингдир ҳаётини сақлаб қолишдек савобли ишга ҳисса қўшиш имконига эга бўламиз. Шу ўринда барчани акцияда фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири