Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 26 май куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Тошкент халқаро аэропортида Россия Президентини давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.

Шундан сўнг Президентлар «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюрди.

Анъанага кўра, Россия раҳбари Мустақиллик монументига гулчамбар қўйди.

Мажмуани қисқа кўздан кечириш давомида олий мартабали меҳмонга ушбу меъморий ансамбль мазмуни ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 27 май куни бўлиб ўтади.

Олий даражадаги музокаралар давомида раҳбарлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалаларини кўриб чиқади.

Саммит якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилиниши режалаштирилган. Президентлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида ҳам иштирок этади.

ЎзА